Тизимнинг ушбу имкониятидан фойдаланиш учун Сиз авторизация қилинишингиз керак!
Рўйхатдан ўтишни хоҳлайсизми? Ёки тизимга ўз логинингиз билан кирасизми?
Авторизация қилиш
Рўйхатдан ўтиш
Ру
O'z
Ўз|Ру
Асосий реквизитлар
Кодификация
Қайта кўриб чиқилган ҳужжатлар
Ҳужжатни қайта кўриб чиқишга асос бўлган ҳужжатлар
Корреспондентлар
Респондентлар
Жорий версия
21.07.2014
25.01.2012
11.02.2011
10.08.2009
Ҳаммаси
Кейинги таҳрирга ҳавола
Олдинги таҳрирга ҳавола
АПК бўйича индекслаш
ҚСУК бўйича индекслаш
ТТР бўйича индекслаш
ҚМҚ бўйича индекслаш
Ўзгартиришлар манбаси
Расмий нашр манбаси
Шарҳ
ПҚ-1172-сон 10.08.2009
×
×
мундарижа мавжуд эмас
[
ТСЗ:
1.
Табиий ресурслар / Сув ва сувдан фойдаланиш]
Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Осиё тараққиёт банки иштирокида «Фарғона ва Зарафшон водийларида сув ресурсларини бошқариш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Суғориладиган ерларда қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришни таъминлаш, Фарғона ва Зарафшон водийларида сув ва ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида:
1. Маълумот учун қабул қилинсинки:
2008 йил 17 декабрда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Директорлар кенгаши Ўзбекистон Республикасига «Фарғона ва Зарафшон водийларида сув ресурсларини бошқариш» лойиҳасини амалга ошириш учун Осиё тараққиёт жамғармасининг имтиёзли ресурсларидан эквиваленти 15,0 млн АҚШ долларига тенг бўлган 10,04 МҚОҲ (махсус қарз олиш ҳуқуқи)ни 8 йиллик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, 32 йиллик узиш муддати билан ҳамда ОТБнинг оддий ресурсларидан 6 йиллик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, 26 йиллик узиш муддати билан 85,0 млн АҚШ доллари миқдорида қарз беришни маъқуллади;
лойиҳани амалга ошириш муддати олти йил этиб белгиланди (2009 — 2014 йиллар);
лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг улуши эквивалентда 44,05 млн АҚШ долларини, шу жумладан солиқ ва божхона тўловларидан озод қилиш шаклида — 8,41 млн АҚШ доллари, лойиҳани амалга ошириш даврида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фоизлар ва комиссияларни тўлаш шаклида — 7,29 млн АҚШ доллари, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан марказлашган капитал қўйилмалар шаклида — 0,33 млн АҚШ доллари, лойиҳа доирасида уни амалга ошириш даврида реконструкция қилинаётган давлат сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш учун бюджет ажратмалари шаклида — 28,02 млн АҚШ долларини ташкил этади.
2. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикасига қарзлар Ўзбекистон Республикаси ва ОТБ ўртасидаги қарз битимларига асосан тақдим этилади;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, шунингдек, мазкур лойиҳани амалга ошириш учун масъул орган ҳисобланади;
фоизлар ва комиссия тўловларини тўлаш, шунингдек, қарзларни қайтариш билан боғлиқ бўлган харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
Фарғона ва Зарафшон водийлари ирригация тизимларининг Сирдарё-Сўх, Норин-Сирдарё, Норин-Қорадарё ва Зарафшон ҳавза бошқармалари зонасида алоҳида устувор лойиҳаларни танлаб олиш, экспертизадан ўтказиш ва тайёрлаш йўли билан лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш;
мазкур лойиҳа доирасида тайёрланган Самарқанд вилоятидаги «Нарпай» ва Фарғона вилоятидаги «Бешариқ» насос станцияларини ҳамда «Нарпай» ва «Бешариқ» машина каналлари хўжаликлараро тизимини реконструкция қилиш лойиҳасини тўрт йил мобайнида (2009 — 2012 йиллар) амалга ошириш.
4. Қуйидагилар:
«Фарғона ва Зарафшон водийларида сув ресурсларини бошқариш» лойиҳасини компонентлар, манбалар ва йиллар бўйича молиялаштириш дастури 1-иловага мувофиқ
*
;
* 1-илова берилмайди.
«Фарғона ва Зарафшон водийларида сув ресурсларини бошқариш» лойиҳаси бўйича ОТБ қарзини сўндириш ҳамда фоизлар ва комиссия тўловларини тўлаш жадвали 2 ва 2а-иловаларга мувофиқ
*
;
* 2 ва 2а-иловалар берилмайди.
«Самарқанд вилоятидаги «Нарпай» ва Фарғона вилоятидаги «Бешариқ» насос станцияларини ҳамда «Нарпай» ва «Бешариқ» машина каналлари хўжаликлараро тизимини реконструкция қилиш» лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланиши асосий техник-иқтисодий параметрлари билан бирга 3-иловага мувофиқ
*
тасдиқлансин.
* 3-илова берилмайди.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳокимларига лойиҳа тадбирларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, зарур ҳисоботлар ва ҳужжатларни ОТБ тартиб-таомиллари ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўз вақтида тайёрлаш ҳамда тақдим этиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
5. Ўзбекистон Республикаси молия вазирига Ўзбекистон Республикаси номидан ОТБ билан қарз битимини имзолаш ваколати берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ва ОТБ ўртасидаги қарз шартномалари юзасидан белгиланган тартибда юридик хулосалар берсин.
6. «Фарғона ва Зарафшон водийларида сув ресурсларини бошқариш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш 4-иловага
*
мувофиқ таркибда ташкил қилинсин ва унга қуйидаги вазифалар юклансин:
* 4-илова берилмайди.
лойиҳа доирасида алоҳида устувор лойиҳаларнинг сифатли танлаб олинишини, экспертизадан ўтказилишини ва ўз вақтида амалга оширишга тайёрланишини таъминлаш, ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланилиши устидан назорат олиб бориш;
лойиҳани амалга ошириш доирасида товарлар, ишлар (хизматлар)ни харид қилиш бўйича тендер комиссиялар таркибларини тасдиқлаш;
амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳа ва бутун умумий лойиҳа бажарилишининг боришини мунтазам равишда кўриб чиқиш, зарур ҳолларда, уларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш.
7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қуйидагиларни таъминласин:
бир ой муддатда — Тошкент шаҳрида мазкур лойиҳани бошқариш бўйича гуруҳ тузиб, унинг зиммасига лойиҳани амалга ошириш бўйича ишларни мувофиқлаштириш ва бошқариш функцияларини юклаш, шунингдек, ОТБ билан тузилган қарз битими шартларига мувофиқ, штат жадвали ва ишчи гуруҳлари фаолиятини молиялаштиришнинг йиллик сметасини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан мажбурий тартибда келишган ҳолда, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича иккита ишчи гуруҳини тузиш;
лойиҳа доирасида қўшимча лойиҳалар танлаб олинишига қараб, белгиланган тартибда уларнинг техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.
8. Мазкур лойиҳа доирасида инвестиция даври мобайнида ОТБ қарз маблағлари ҳисобидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) ва транспорт воситалари божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно), қўшилган қиймат солиғи ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар ва йиғимлардан озод қилинсин.
Белгилансинки, ушбу имтиёзларни тақдим этиш натижасида бўшайдиган маблағлар суммаси Ўзбекистон Республикасининг лойиҳани амалга оширишдаги улуши ҳисобланади.
Ушбу имтиёзлар лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси томонидан ажратиладиган маблағлари ҳисобидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) учун ҳам татбиқ этилсин, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод қилиш бундан мустасно.
9. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси мазкур лойиҳа доирасида лойиҳа-смета ҳужжатларининг белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминласин ва амалга ошириладиган лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишларининг сифати устидан қатъий назорат ўрнатсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги буюртманомаларига асосан лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги буюртманомаларига биноан, ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларга кириш визаларининг берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ва муддати узайтирилишини давлат божлари тўлашдан озод қилган ҳолда таъминласин.
12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 10 август,
ПҚ-1172-сон
×
×