Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди (кейинги ўринларда — Конституциявий суд) раис М. Абдусаломов, судьялар А. Ғафуров, Ф. Каюмов, С. Кошаева, Б. Мирбобоев, Г. Пиржанов ва Қ. Улжаевдан иборат таркибда, катта эксперт К. Хамидованинг котиблигида, тараф — фуқаро М. Хасанова ва унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи «Grata» адвокатлик фирмаси адвокати Ф. Акрамов, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмита раиси ўринбосари Ш. Чўллиев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девони раҳбари ўринбосари Б. Раджабов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибияти бош маслаҳатчиси А. Юлдашев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони етакчи инспектори Т. Турсунбоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлими бошлиғи О. Норбоев, Ўзбекистон Республикаси Олий суди бош консультанти Ш. Ахатова, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси катта прокурори А. Қодировнинг иштирокида, фуқаро М. Хасанованинг Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (кейинги ўринларда — Фуқаролик кодекси) 197 ва 206-моддаларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодекси (кейинги ўринларда — Уй-жой кодекси) 11 ва 27-моддаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг (кейинги ўринларда — Конституция) 53 ва 54-моддаларига мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикояти бўйича юритилган ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.
Фуқаро М. Хасанова ўзининг 2022 йил 19 апрелдаги Конституциявий судга юборган шикоятида, шунингдек Конституциявий суд мажлисида Фуқаролик кодекси 197 ва 206-моддалари 1 ҳамда Уй-жой кодекси 11 ва 27-моддалари унинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган, Конституцияга мувофиқ эмас ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган деб ҳисоблаб, уларнинг Конституциянинг 53 ва 54-моддаларига мувофиқлигини аниқлашни сўраган.
Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 19 ноябрдаги ажримига кўра, Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2020 йил 30 сентябрдаги ҳал қилув қарорининг даъвогар «B-B-STROY» МЧЖнинг даъво талабларини рад этишга оид қисми Фуқаролик кодекси 206-моддаси ва Уй-жой кодекси 27-моддаси қўлланилиб, бекор қилинган ҳамда янги ҳал қилув қарори қабул қилинган. Мазкур қарорда фуқаролар М. Хасанова, Б. Файзуллаев ва О. Файзуллаевни бузилиши лозим бўлган Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Олтинтепа кўчаси, 249-уй, 5-квартирадан Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Қорасув-1 массиви, 8-уй, 2-квартирага кўчириш, шунингдек, фуқаро М. Хасанованинг умумий фойдали майдони 63,62 кв.м. икки хонадан иборат бўлган Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Қорасув-1 массиви, 8-уй, 2-квартирага мулк ҳуқуқини белгилаш ҳамда унинг Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Олтинтепа кўчаси, 249-уй, 5-квартирага бўлган мулк ҳуқуқини бекор қилиш белгиланган.
Фуқаро М. Хасанова суд томонидан қўлланилган Фуқаролик кодексининг 206-моддаси ва Уй-жой кодексининг 27-моддаси нормалари ҳамда суд томонидан қўлланилмаган, аммо қўлланилган нормалар қоидаларини такрорлайдиган Фуқаролик кодексининг 197-моддаси ва Уй-жой кодексининг 11-моддаси нормаларини Конституциянинг 53 ва 54-моддаларига мувофиқ эмас, деб ҳисобламоқда.
«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 82-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ «Конституциявий суд Конституцияга мувофиқлиги хусусида шубҳа туғдирган аниқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан қарорлар қабул қилади.
Конституциянинг 53-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ «Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин».
Конституциянинг 54-моддасига мувофиқ «Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт».
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-683-сон «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун 55-моддасининг 12-бандига мувофиқ Фуқаролик кодекси бошқа моддалари билан бир қаторда 83-моддасининг тўртинчи қисмидаги, 166-моддасининг учинчи қисмидаги, 198-моддасининг биринчи қисмидаги, 199-моддасининг биринчи қисмидаги ва 206-моддасининг биринчи қисмидаги тегишли келишикдаги «қонунлар» деган сўз тегишли келишикдаги «қонун ҳужжатлари» деган сўзлар билан алмаштирилган.
Фуқаролик кодекси 83-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни қўлга киритиш ва улар бекор бўлишининг хусусиятлари қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади; 166-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга, шунингдек унинг ҳуқуқларини чеклашга фақат қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардагина йўл қуйилади; 198-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ мол-мулкни йўқ қилиш (тугатиш) натижасида мулк ҳуқуқини бекор қилишга қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ҳолларда йўл қўйилади; 199-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ мол-мулкни мулкдордан олиб қўйишга қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирув ана шу мол-мулкка қаратилган тақдирда, шунингдек национализация қилиш, реквизиция ва мусодара қилиш тартибида йўл қўйилади; 206-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга бевосита қаратилмаган қарори муносабати билан, шу жумладан мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки экинлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар ва тартибдагина йўл қўйилади..., деб белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-683-сон «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун 55-моддасининг 2-бандига мувофиқ Фуқаролик кодекси 197-моддасидаги тегишли келишикдаги «қонун ҳужжатлари» деган сўзлар тегишли келишикдаги «қонунчилик» деган сўз билан алмаштирилган.
Фуқаролик кодексининг 197-моддаси қуйидагича ифодаланган.
Мурожаат муаллифи Конституциявий суддан Уй-жой кодекси 11 ва 27-моддаларининг ҳам Конституцияга мувофиқлигини аниқлашни сўраган. Мазкур моддалардаги кўрилаётган ишга дахлдор бўлган нормалар қуйидагича ифодаланган.
Уй-жой кодексининг 11-моддаси бешинчи ва олтинчи қисмларига мувофиқ хусусий мулк бўлган уйлар, квартиралар олиб қўйилиши, мулкдор эса уйга, квартирага мулк ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
Мазкур Кодекснинг 27-моддасига мувофиқ ер участкалари давлат ёки жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда, мулкдорларга уларнинг танлови бўйича ва тарафлар келишувига кўра, уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган саҳндаги, барча қулайликлари бўлган, аввалгисига тенг қимматли бошқа турар жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўланади ёхуд бузилаётган уй (квартира), бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шунингдек ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати тўлиқ ҳажмда тўланади. Бузилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати берилаётган уй-жойнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда, бу фарқ мулкдорга компенсация қилиниши лозим, берилаётган уй-жойнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати бузилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда эса, ушбу фарқ мулкдор томонидан қайтарилиши талаб этилмайди.
Конституциянинг 53-моддасига асосан «Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин».
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-683-сон «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонуни билан Фуқаролик кодексининг кўрсатилган моддалар тегишли қисмларига киритилган ўзгартишлар натижасида улар Конституциянинг 53-моддаси иккинчи қисми қоидаларига мувофиқ бўлмай қолган. Мазкур Қонун кучга киргунга қадар Фуқаролик кодекси кўрсатилган моддаларининг тегишли қисмлари Конституцияга мувофиқ бўлган. Чунки уларда мулк ҳуқуқининг қонун асосида бекор қилиниши назарда тутилган эди.
Мазкур Қонун кучга киргунга қадар ҳам Фуқаролик кодекси 197-моддасидаги мулк ҳуқуқи «... мулк ҳуқуқини бекор қилувчи қонун ҳужжатларига асосан бекор бўлади» деган қисми Конституцияга мувофиқ бўлмаган.
Фуқаролик кодекси кўрсатилган моддаларининг тегишли қисмларида бундай ҳуқуқий асос сифатида «қонун ҳужжатлари», мазкур Кодекс 197-моддасида «қонунчилик», Уй-жой кодексининг 11-моддасининг бешинчи ва олтинчи қисмларида ҳамда «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун 19-моддасининг биринчи қисмида «қонун» деб белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 20 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-682-сон «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонун 7-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ қонун ҳужжатларини Конституция, қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари ташкил этади. Мазкур Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг «қонунчилиги» деганда қонуности ҳужжатлари ҳам тушунилади.
Мурожаат муаллифи Конституцияга мувофиқлигини аниқлашни сўраган Уй-жой кодекси 11-моддасининг бешинчи ва олтинчи қисмлари, 27-моддаси, шунингдек, «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун 19-моддасининг биринчи қисми қоидаларининг таҳлили уларнинг Конституциянинг 53-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ эканлигини кўрсатди.
Юқорида баён қилинганлардан келиб чиқиб, Конституция 109-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонун 4-моддаси иккинчи қисми, 69, 72, 82 ва 86-моддаларига амал қилган ҳолда, Конституциявий суд қарор қилди:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-683-сон «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун 55-моддасининг 12-бандидаги Фуқаролик кодексининг 83, 166, 198, 199 ва 206-моддаларига тегишли қисми ҳамда Фуқаролик кодекси 197-моддасининг мулк ҳуқуқи «... мулк ҳуқуқини бекор қилувчи қонунчиликка асосан бекор бўлади», деган қисми Конституцияга мувофиқ эмас деб топилсин.
2. «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонун 73-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ Конституциявий суднинг қарорига кўра Конституцияга мувофиқ эмас деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг бир қисми ўзининг амал қилишини тугатади. Мазкур модданинг учинчи қисмига мувофиқ Конституцияга мувофиқ эмас деб топилган ҳужжатни қабул қилган давлат органи ўз ҳужжатини Конституциявий суднинг қарори асосида бир ойдан кечиктирмай Конституцияга мувофиқлаштириши керак.
3. Уй-жой кодекси 11-моддасининг бешинчи ва олтинчи қисмлари, 27-моддаси ҳамда «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун 19-моддасининг биринчи қисми Конституцияга мувофиқ деб топилсин.