Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг
Тўхтами
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИГА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ КОДЕКСИНИНГ 53, 54-МОДДАЛАРИ БИЛАН 257-МОДДАСИ ЎРТАСИДАГИ НОМУВОФИҚЛИКНИ БАРТАРАФ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА ТАКЛИФ КИРИТИШ ҲАҚИДА
(«Халқ сўзи» газетаси, 2001 йил 15 июнь, 117 (2679)-сон)
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди Раис Б. Эшонов, судьялар Б. Мирбобоев, У. Бозоров, Г. Пиржанов ва С. Ҳакимова таркибида, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 82-моддаси ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасига амал қилган ҳолда очиқ мажлисда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 53, 54-моддалари билан 257-моддаси ўртасидаги номувофиқликни бартараф этиш тўғрисида таклиф киритиш ҳақида»ги ишни кўрди.
Ишнинг кўрилишига Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 53, 54 ва 257-моддаларидаги аниқланган номувофиқликлар ва Конституциявий суд судьялари У. Бозоров, Г. Пиржанов ва С. Ҳакимованинг «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ кўрсатган ташаббуси асос бўлди. Мазкур масалани ўрганишга Тахиаташ шаҳар санитария-эпидемиология назорат маркази бош врачи А. Мадреимовнинг Конституциявий судга мурожаати сабаб бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, маърузачи судья С. Ҳақимованинг ахборотини тинглаб, тарафлар ва мутахассислар: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг вакили А. Юлдашевнинг, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлигининг вакили Н. Отабековнинг, Конституциявий суд Илмий-маслаҳатлашув кенгаши аъзоси М. Азимовнинг фикрларини эшитиб, иш бўйича материалларни ўрганиб чиқиб аниқлади:
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 53-моддаси санитария қонун ҳужжатларини, санитария нормаларини, қоидаларини ва гигиена нормативларини бузганлик учун мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишни белгилайди (Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 май Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, 5-6 сон, 102-модда).
Кодекснинг 54-моддаси карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузганлик учун мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима шаклидаги жавобгарликни назарда тутади (Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 май Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, 5-6 сон, 102-модда).
257-модданинг иккинчи қисмига мувофиқ қуйидагилар давлат санитария назоратини амалга оширувчи органлар номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жарима солиш тариқасида маъмурий жазо чорасини қўлланишга ҳақлидирлар:
Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи ва унинг ўринбосарлари — энг кам иш ҳақининг етти бараваригача миқдорда;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош давлат санитария врачлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, туманларга бўлинган шаҳарларнинг бош давлат санитария врачлари ва сув транспортидаги ҳавзалар бош давлат санитария врачлари — энг кам иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда;
туманларга бўлинмаган шаҳарларнинг, туманларнинг бош давлат санитария врачлари ҳамда сув транспортидаги портлар ва тармоқ участкаларининг бош давлат санитария врачлари — энг кам иш ҳақининг уч бараваригача миқдорда жарима солишга.
Шундай қилиб, 53, 54-моддаларда назарда тутилган жазолар 257-модданинг иккинчи қисмига мувофиқ эмас. Қарама-қаршиликлар шундан иборатки, амалиётда жарима солиш ҳуқуқига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи ҳамда унинг ўринбосарлари, 53, 54-моддаларда назарда тутилган жазоларни тўлиқ қўллай олмайдилар. Шу муносабат билан ушбу номувофиқликларни бартараф этиш лозим.
Баён қилинганларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 82-моддасига, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 10, 25, 26 ва 27-моддаларига амал қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди қарор қилди:
1. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 53, 54-моддаларининг қоидалари 257-моддасининг иккинчи қисмига номувофиқ деб топилсин.
2. Қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 53, 54-моддалари билан 257-моддасининг иккинчи қисми ўртасидаги номувофиқликни бартараф этиш тўғрисида таклиф киритилсин.
3. Давлат органларининг ҳуқуқни татбиқ қилиш амалиётида бундан буён Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси тегишли ўзгартиришлар киритгунга кадар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 53 ва 54-моддалари қоидаларига амал қилинсин.
4. Ушбу қарор «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарида чоп этилсин.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
Тошкент ш.,
2001 йил 12 июнь