Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг
Ажрими
РЕСПУБЛИКА ЙЎЛ ЖАМҒАРМАСИГА АДВОКАТЛАР БЮРОЛАРИ МАБЛАҒЛАР АЖРАТИШИ ЛОЗИМЛИГИ ЁКИ ЛОЗИМ ЭМАСЛИГИ ТЎҒРИСИДА ШАРҲ БЕРИШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди Раис Б. Эшонов, судьялар Б. Мирбобоев, У. Бозоров, Г. Пиржанов ва С. Ҳакимовадан иборат таркибда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддасига амал қилган ҳолда Республика йўл жамғармасига адвокатлар бюролари маблағ ажратиши лозим ёки лозим эмаслиги хўжалик судлари томонидан турлича талқин қилиниши билан боғлиқ масалани очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.
Масала Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Раиси М. Абдусаломов томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасига мос равишда киритилган.
Маърузачи судья У. Бозоровнинг ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раисининг биринчи ўринбосари Н. Ахмонов, Ўзбекистон адвокатлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи, Тошкент шаҳар адвокатлар ҳайъати раёсатининг раиси С. Ёқубов, Республика йўл жамғармаси раиси Н. Усмонов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси юридик бўлимининг мудири Б. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигининг пул муомаласи, нархлар ва молиявий баланслар бўлимининг бошлиғи А. Набихўжаев, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Ғ. Раҳимов, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг раиси А. Бобоқулов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари А. Эргашевларнинг фикрларини эшитиб, ишга доир материаллар ва ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, Конституциявий суд қуйидагиларни аниқлади:
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раиси Республика йўл жамғармасига адвокатлар бюролари маблағ ажратиши лозимлиги ёки лозим эмаслиги тўғрисидаги масала бўйича қонун ва қонун ости ҳужжатларини қўллашда хўжалик суди судьяларида икки хил фикр борлиги ва унга қонуний тўғри баҳо бериш зарурлигини таъкидлаб Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилган.
Республика йўл жамғармаси 2001 йилнинг апрель ойида «Адолат билимда» адвокатлик бюросининг ҳисоб рақамидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 5 июлдаги 334-сонли қарорининг 3-бандига асосан инкасса тўлов топшириқномалари орқали 40078 сўм миқдордаги ажратмани акцептсиз равишда жамғарма учун ундириб олган. Адвокатлик бюроси эса Республика йўл жамғармаси «Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг талабларига зид равишда ҳаракат қилиб, 40078 сўмни ҳисоб рақамидан ноқонуний равишда олган деб, ушбу суммани ундиришни сўраб Тошкент шаҳар хўжалик судига мурожаат қилган. Тошкент шаҳар хўжалик суди 2001 йил 20 июндаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг талабини қаноатлантиришни рад қилган.
Тошкент шаҳар хўжалик судининг суд ҳайъати 2001 йил 9 августдаги қарори билан даъвогарнинг апелляция шикоятини рад этиб, суднинг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган. Мазкур қарордан даъвогар норози бўлиб Олий хўжалик судига кассация шикояти бериб, Тошкент шаҳар хўжалик судининг қарорларини бекор қилишни, даъво талабини қаноатлантиришни сўраган.
Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2001 йил 14 мартдаги ҳал қилув қарорига асосан эса «Ҳуқуқий хизмат маркази» фирмасининг Республика йўл жамғармаси томонидан ундириб олинган 19555 сўмни қайтариб бериш тўғрисидаги даъвоси тўлиқ қаноатлантирилган.
Республика йўл жамғармасини ташкил қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 5 июлдаги «Республика йўл жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги 334-сонли қарори ва бу қарор билан тасдиқланган «Республика йўл жамғармаси маблағларини шакллантириш ва фойдаланиш тўғрисида»ги Низом билан тартибга солинади. Мазкур Низомнинг 6-бандига мувофиқ корхоналар, хўжаликлар ва ташкилотлар бажарилган иш, кўрсатилган хизматдан тушган маблағларнинг 1,5 фоизини йўл жамғармасига ўтказишлари белгиланган. Низомнинг 18-бандида Республика йўл жамғармасига ажратмалар тўлашдан озод қилинган корхоналар ва ташкилотлар рўйхати белгиланган. Улар қуйидагилардан иборат: давлат бюджетида турувчи ташкилот ва муассасалар, томоша корхоналари, санаторийлар, дам олиш уйлари ва пансионатлар, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақловчи, таъмирловчи, қайта тикловчи ва қурувчи йўл хўжалиги ташкилотлари, уй-жой эксплуатацияси идоралари ва уй-жой бошқармалари, Марказий банк муассасалари, давлат суғурта органлари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг ташқи савдо бирлашмалари, давлат, кооператив ва жамоат ташкилотларининг республика ва маҳаллий бошқарув органлари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ва Ички ишлар вазирликларининг корхона ва ташкилотлари (уларга бўйсунувчи хўжалик ҳисобидаги хўжалик ташкилотлари бундан мустасно).
Бу рўйхатга адвокатлар бюролари, ҳайъатлари ва фирмалари киритилмаган. Аммо рўйхатга жамоат ташкилотларининг республика ва маҳаллий бошқарув органлари киритилган.
Амалдаги қонун ва қонун ости ҳужжатларида адвокатлар бюролари, ҳайъатлари ва фирмалари жамоат ташкилотлари ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслиги тўғрисида аниқ норма йўқ. Аммо 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддаси биринчи қисмига биноан адвокатура нотижорат ташкилотдир ва фаолиятни ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 116-моддасига биноан адвокатура фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга «юридик ёрдам» бериш учун фаолият кўрсатади ва 1996 йил 27 декабрда қабул қилинган «Адвокатура тўғрисида»ги Қонунга биноан ҳам адвокатура «юридик ёрдам» кўрсатади.
Аммо қонун ости норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда адвокатура кўрсатадиган юридик ёрдам «юридик хизмат» деб белгиланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитасининг 1996 йил 7 октябрдаги қарори билан тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1997 йил 5 февралда 305-рақам билан рўйхатга олинган «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ҳақ эвазига кўрсатилган хизматларни ҳисобга олиш бўйича Йўриқнома»нинг 13.1-бандида ҳуқуқий характердаги хизматларга юридик маслаҳат бериш хизматининг қиймати, адвокатлар томонидан фуқароларга ҳуқуқий ёрдам беришдан тушган пул маблағлари киритилади дейилган.
Юқорида кўрсатилган қонун нормаларини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, адвокатлар бюролари, ҳайъатлари ва фирмалари Республика йўл жамғармасига маблағ ажратиши лозимлиги ёки лозим эмаслигини ҳал қилиш қонун нормаларини шархлашни талаб этмайди. Бу масалани асосан, Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 5 июлдаги «Республика йўл жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги 334-сонли қарорининг тегишли нормаларини шарҳлаш йўли билан амалга ошириш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 109-моддасининг биринчи қисми 3-бандига ва «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 31-моддасининг иккинчи қисмига биноан Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди фақат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг нормаларига шарҳ беради. Қонун ости норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг нормаларига эса, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддаси учинчи қисмига биноан, шу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган расмий шарҳ бериши лозим. Ушбу нормага асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган қарорга Вазирлар Маҳкамасининг ўзи шарҳ беради.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисидаги Қонуннинг 25 ва 26-моддаларига асосланиб Конституциявий суд ажрим қилди:
1. Муҳокама натижаларига кўра, мазкур масала юзасидан қонун нормаларига Конституциявий суд томонидан шарҳ бериш зарурати йўқ деб ҳисоблансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судига Республика йўл жамғармасига адвокатлар бюролари маблағ ажратиши лозимлиги ёки лозим эмаслиги масаласи юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 5 июлдаги «Республика йўл жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги 334-сонли қарори билан тасдиқланган «Республика йўл жамғармаси маблағларини шакллантириш ва фойдаланиш тўғрисида»ги Низомга шарҳ беришни сўраб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мурожаат этиш тавсия қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
Тошкент ш.,
2001 йил 30 ноябрь