Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
«ЎЗҚИШЛОҚХЎЖАЛИКМАШ-ХОЛДИНГ» КОМПАНИЯСИНИ ТУГАТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 52-сон, 538-модда)
Иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва қишлоқ хўжалик машинасозлигида бошқарувни такомиллаштириш, жаҳон стандартларига жавоб берадиган қишлоқ хўжалик техникасини ишлаб чиқаришга хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, тармоқ корхоналари иши самарадорлигини ошириш мақсадида:
1. «Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг» холдинг компанияси ва унинг таркибига кирувчи корхоналар акциядорларининг, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси, Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасининг «Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг» холдинг компаниясини тугатиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. «Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг» холдинг компаниясини тугатиш ва унинг корхоналарини қайтадан ташкил этиш бўйича иловага* мувофиқ таркибда Ҳукумат комиссияси ташкил этилсин.
* Илова рус тилидаги матнда берилган.
3. Ҳукумат комиссияси:
«Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг» холдинг компаниясини тугатиш бўйича чора-тадбирлар қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан биргаликда «Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг» холдинг компаниясининг бўшайдиган мутахассисларини, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалик машинасозлиги корхоналарига ишга жойлаштириш чора-тадбирлари амалга оширилишини таъминласин;
бир ой муддатда, чуқур таҳлил асосида, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарилишини оқилона жамлашни, шунингдек, қайта ташкил этиладиган корхоналарнинг кўчмас мулкини бўшайдиган майдонларда ишлаб чиқаришларни жойлаштириш шарти билан замонавий ускуналардан фойдаланиш бўйича инвестиция мажбуриятларини қабул қилган хорижий инвесторларга сотишни назарда тутган ҳолда, тармоқ корхоналарини қайта ташкил этиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги билан биргаликда тугатилаётган «Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг» холдинг компаниясининг устав капиталидаги хорижий қатнашчи улушининг миқдори ва компенсация шаклини белгиланган тартибда у билан ҳал қилиб олсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
6. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 29 декабрь,
ПҚ-766-сон