ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ БИЛАН КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ ЎРТАСИДА
Келишув
ЎЗБЕКИСТОНДА ТЕЗ ТИББИЙ ЁРДАМ ХИЗМАТИНИНГ ТРАНСПОРТ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ЛОЙИҲАНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2007 й., 4-сон)
2007 йил 28 декабрь, Тошкент
(2007 йил 28 декабрдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Корея Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати ўртасидаги 1992 йилнинг 17 июнида имзоланган «Илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида»ги Битимнинг 3-моддасига мувофиқ,
Техник ёрдамга йўналтирилган лойиҳаларнинг самарадорлиги ва тизимлилигини таъминлаш йўли билан икки мамлакат ўртасида илмий-техникавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1. «Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам хизматининг транспорт тизимини такомиллаштириш» бўйича лойиҳани (бундан кейин — «Лойиҳа») амалга ошириш мақсадида, Корея Республикаси Ҳукумати Корея Республикасининг тегишли қонунлари ва қоидаларига асосан, ҳамда бюджет чекловлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига 2,5 млн. АҚШ долл. миқдорида беғараз ёрдам тақдим этмоқда (бундан кейин — «Грант»).
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Грантдан фақат Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам хизматининг транспорт тизимини такомиллаштириш мақсадида фойдаланади.
3. Корея Республикаси Ҳукумати лойиҳани амалга ошириш бўйича лозим бўлган ишларни бажаришга масъул ташкилот сифатида Корея халқаро ҳамкорлик уюшмасини (бундан кейин — «КОЙКА») тайинлайди. КОЙКА, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда, лойиҳани амалга оширишнинг барча ҳолатлари бўйича қўшма Баённомани тайёрлайдилар ва имзолайдилар.
4. (1) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қуйидаги зарур чора-тадбирларни кўради:
а) мазкур Грант доирасида етказиб бериладиган тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларини ўз вақтида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш ва Ўзбекистон Республикаси ичида транспорт орқали ташувини таъминлаш;
(б) Корея Республикаси Ҳукуматининг Гранти ҳисобидан тақдим этиладиган тез тиббий ёрдам автотранспорт воситалар ва хизматларга нисбатан Ўзбекистон Республикасида қўлланилиши мумкин бўлган божхона божлари, ички солиқлар ва бошқа тўловлардан озод этиш;
(в) КОЙКА билан тузилган шартномаларга мувофиқ лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи Корея фуқароларини Ўзбекистон Республикасида уларнинг даромадлари ва мол-мулкига нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган божхона божлари, ички солиқлар ва бошқа йиғимлардан озод этиш;
(г) (в) бандда қайд этилган Корея фуқароларига лойиҳа доирасида КОЙКА билан тузилган шартномаларга мувофиқ ишларни бажариш учун Ўзбекистонга кириш ва унда бўлиш учун лозим бўлган шарт-шароитларни яратиб бериш;
(д) Грант доирасида лойиҳани амалга ошириш учун тақдим қилинган тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларни тегишли тарзда сақлаш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш; ва
(е) лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган ва Грант томонидан қопланиши кўзда тутилмаган барча харажатларни қоплаш.
(2) Грант доирасида тақдим этилган тез тиббий ёрдам автотранспорт воситалар Ўзбекистон Республикасидан реэкспорт қилиниши мумкин эмас.
5. Ушбу Келишув билан боғлиқ туғиладиган барча саволлар юзасидан Томонлар ўзаро маслаҳатлашиб оладилар.
6. (а) Ушбу Келишув имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
(б) Ушбу Келишув 2008 йил 31 декабргача кучга эга бўлади, агарда Томонлардан бири камида 6 ой олдин Келишувни тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа томонни ёзма равишда дипломатик каналлар орқали хабардор қилган тақдирда ўз кучини йўқотади.
(в) Ушбу Келишувнинг тўхтатилиши мазкур Келишув бўйича бажарилаётган ва Келишувнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар ниҳоясига етказилмаган лойиҳани тугатилишига таъсир қилмайди.
(г) Икки томоннинг келишувига биноан ушбу Келишувга дипломатик каналлар орқали Алмашув ноталари шаклида тузатишларни киритиш мумкин.
Юқоридагиларни тасдиқлаб, ўз ҳукуматлари томонидан тегишли ваколат олган қуйидаги имзо чекувчилар ушбу Келишувни имзоладилар.
Тошкент шаҳрида 2007 йил 28 декабрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, корейс ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Келишув қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар пайдо бўлса, Томонлар инглиз тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)