Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг
Қарори
«ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МЕҲНАТ КОДЕКСИНИНГ 192-МОДДАСИГА ЎЗГАРТИШ КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИ ЛОЙИҲАСИНИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИГА КИРИТИШ ҲАҚИДА
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 44-45-сон, 446-модда)
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раис ўринбосари Б. Мирбобоев, судьялар У. Бозоров, Г. Пиржанов ва С. Ҳакимовадан иборат таркибда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасига ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига амал қилган ҳолда «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 192-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш ҳақидаги ишни очиқ мажлисда кўриб чиқди.
Масала «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига мувофиқ «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Бош директори В. Тяннинг Конституциявий судга мурожаати муносабати билан судьялар У. Бозоров, Г. Пиржанов ва С. Ҳакимованинг ташаббуси билан киритилди.
Конституциявий суд мазкур масала юзасидан маърузачи судья С. Ҳакимованинг ахборотини, Тошкент давлат юридик институти кафедрасининг мудири, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳузуридаги Илмий-маслаҳатлашув кенгаши раисининг ўринбосари, академик Х.Раҳмонқулов, Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш маркази директорининг ўринбосари, Тошкент давлат юридик институтининг доценти, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳузуридаги Илмий-маслаҳатлашув кенгашининг аъзоси М. Гасанов, Тошкент шаҳар адвокатлар ҳайъати раёсатининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳузуридаги Илмий-маслаҳатлашув кенгашининг аъзоси С. Ёқубов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳузуридаги Илмий-маслаҳатлашув кенгашининг аъзоси А. Шарафутдинов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси кафедрасининг бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳузуридаги Илмий-маслаҳатлашув кенгашининг аъзоси Ҳ. Одилқориев, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳузуридаги Илмий-маслаҳатлашув кенгашининг аъзоси Х. Азизов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девони юридик бўлимининг бошлиғи А. Юлдашевнинг фикрларини тинглаб, иш бўйича мавжуд ҳужжатларни ўрганиб аниқлади:
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Бош директори В. Тян Конституциявий судга йўллаган мурожаатида боқувчининг вафот этганлиги муносабати билан зарарни тўлаш тартибини белгиловчи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1009-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 192-моддаси нормаларининг бир хилда эмаслигини таъкидлаб, ушбу нормаларнинг қайси бири амалиётда қўлланилиши лозимлиги юзасидан тушунтириш беришни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 1009-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ боқувчининг ўлими муносабати билан зарар: вояга етмаганларга — ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар; ўн саккиз ёшдан ошган ўқувчиларга — ўқувнинг кундузги шаклида ўқишни тугатгунга қадар, бироқ йигирма уч ёшдан ошмагунча тўланади.
Аммо, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 192-моддасининг бешинчи қисмида ўн олти ёшдаги ва ундан катта ўқувчилар, ўқув юртларининг кундузги бўлимларида ўқишни тугатгунларигача, лекин ўн саккиз ёшга қадар бўлган даврда, зарарни ундириш ҳуқуқига эгадирлар, деб белгиланган.
Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 192-моддасига мувофиқ ўн саккиз ёшдан катта ва йигирма уч ёшга тўлмаган, ўқув юртининг кундузги бўлимида таҳсил олаётган шахслар зарарни ундириш ҳуқуқига эга бўлмайдилар, ваҳоланки Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 1009-моддасининг нормаларига асосан эса улар бундай ҳуқуққа эгадирлар.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг боқувчининг ўлими муносабати билан зарарни тўлаш тартибини белгиловчи нормаларидаги мазкур фарқ ушбу нормаларнинг амалиётда қўлланилишида жиддий қийинчиликларга олиб келмоқда.
Мазкур қарорни қабул қилишда Конституциявий суд қуйидагиларга асосланади:
1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 39-моддасига асосан ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга.
2. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар.
3. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасига асосан ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга.
4. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 43-моддасига мувофиқ давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.
5. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 3-моддасининг иккинчи қисмига асосан бошқа қонунлар ва қонун ҳужжатларидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормалари ушбу Кодексга мос бўлиши шарт.
Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг юқорида кўрсатилган нормаларига риоя этилиши Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 192-моддасининг нормаларини Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 1009-моддасининг нормаларига мувофиқлаштириш заруратини келтириб чиқаради, деб ҳисоблайди.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 192-моддасига ўқувнинг кундузги шаклида таълим олаётган шахсларнинг улар йигирма уч ёшга етгунга қадар боқувчининг ўлими муносабати билан зарарни тўлаш ҳуқуқини назарда тутувчи ўзгартиш киритиш лозим.
Баён қилинганларга асосланиб ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10, 25, 26, 27-моддаларига, «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5, 26-моддаларига амал қилган ҳолда, Конституциявий суд қарор қилди:
1. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 192-моддасининг бешинчи қисмини Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 1009-моддасининг учинчи қисмига мувофиқлаштириш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 192-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилсин (илова қилинади).
2. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси С. Ҳакимова ушбу Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётганда иштирок этиш учун вакил этиб тайинлансин.
3. Ушбу қарор «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ахборотномаси» журналида чоп этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди
Тошкент ш.,
2008 йил 15 октябрь
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2008 йил 15 октябрдаги қарорига
ИЛОВА
Лойиҳа
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МЕҲНАТ КОДЕКСИНИНГ 192-МОДДАСИГА ЎЗГАРТИШ КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
Қонунчилик палатаси томонидан _________ да қабул қилинган
Сенат томонидан ___________________ да маъқулланган
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган № 161-1-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, 1-сонга илова; 1997 йил, № 2, 65-модда; 1998 йил, № 5-6, 102-модда, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 5, 112, 124-моддалар, № 9, 229-модда; 2001 йил, № 5, 89-модда, № 9-10, 182-модда; 2002 йил, № 9, 165-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси 2005 йил, № 9, 312-модда) 192-моддасининг бешинчи қисмидаги «ўн саккиз» деган сўзлар «йигирма уч» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
2-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ