Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан Латвия Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ўртасида
Меморандум
Қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2014 й., 2-3-сон)
2014 йил 28 май, Тошкент
(2014 йил 28 майдан кучга кирди)
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Латвия Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
истиқболда энергетика соҳасида инвестицияларни кенгайтириш ва ҳамкорликни фаоллаштиришга интилиб,
2006 йил 29 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Латвия Республикаси Ҳукумати ўртасида саноат ва иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида Битимнинг алоҳида қоидаларини амалга ошириш мақсадида,
Томонлар давлатларининг қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия самарадорлиги соҳасидаги салоҳиятини инобатга олиб,
тенглик ва ўзаро манфаатдорлик тамойилларига таянган ҳолда,
энергия хавфсизлигини истиқболда мустаҳкамлаш заруриятини тан олган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўз давлатларининг миллий қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ қайта тикланувчи энергия манбалари ҳамда энергия самарадорлигини оширувчи замонавий технологиялардан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни рағбатлантирадилар.
2-модда
Томонлар мазкур Меморандум доирасида қуйидаги йўналишлар бўйича ҳамкорликни амалга оширадилар:
қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия самарадорлигини оширувчи замонавий технологияларни ишлаб чиқариш, амалиётга жорий қилиш ва фойдаланиш масалалари бўйича ўзаро манфаатли семинарлар, конференциялар, икки томонлама ташрифлар ва бошқа илмий-амалий тадбирлар ташкил этиш орқали ўз мутахассислари ва экспертлари ўртасида тажриба ва маълумот алмашиш;
Томонлар давлатларнинг турли илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги ҳамкорликка кўмаклашиш ҳамда қўшма лойиҳалар амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш;
Томонлар давлатлари миллий иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз давлатлари ҳудудида қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги замонавий технологияларни ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналар яратилишига кўмаклашиш;
Томонлар давлатларида қайта тикланувчи энергия манбаларини амалиётга жорий қилиш ва тижоратлаштириш мақсадида ишлаб чиқариш корхоналарига эга бўлган турли илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни рағбатлантириш;
қайта тикланувчи энергия манбаларини амалиётга жорий қилиш, жумладан, илғор технологияларни қўллаш орқали парник газлари чиқиндиларини қисқартириш соҳасида қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва амалга ошириш;
қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳаси мутахассисларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш.
3-модда
Томонлар мунтазам равишда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан алмашадилар.
4-модда
Томонлар, зарур ҳолларда, ушбу Меморандум қоидаларини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар юзасидан маслаҳатлашув ва музокаралар ўтказадилар, шунингдек ишчи гуруҳлар тузадилар ҳамда шу мақсадда унинг ижросига қаратилган чора-тадбирларни амалга оширадилар.
Ишчи гуруҳлар йиғилишлари Томонлардан бирининг таклифига кўра мазкур Меморандумнинг амалга оширилишини кўриб чиқиш учун келишилган вақтлар ва жойда, лекин энг камида икки йилда бир маротаба ўтказилади.
5-модда
Томонларнинг мазкур Меморандумни амалга ошириш учун масъул ваколатли органлари:
Ўзбек Томондан — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги;
Латвия Томондан — Латвия Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги.
Томонлар ўз ваколатли органларининг ўзгариши тўғрисида дарҳол бир-бирларини хабардор қиладилар.
6-модда
Томонлар мазкур Меморандум доирасида олинадиган маълумотларнинг махфийлигини таъминлашлари шарт ҳамда бундай маълумотлар учинчи томонга фақатгина ушбу маълумотни тақдим этган Томоннинг дастлабки розилиги олингандан сўнг берилиши керак.
7-модда
Мазкур Меморандум қоидаларини қўллаш ёки талқин этишда юзага келадиган ҳар қандай низоли масалалар Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ва музокаралар ўтказиш йўли билан ҳал этилади.
8-модда
Зарур ҳолларда Томонларнинг ўзаро розилиги билан мазкур Меморандумга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
9-модда
Мазкур Меморандум имзоланган вақтдан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бирининг иккинчи Томонни унинг амал қилишини тугатиш истаги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилгандан сўнг икки (2) ой муддатгача амал қилади.
Мазкур Меморандум Томонлар ихтиёрининг ифодаси ҳисобланади ва уларга нисбатан бирор бир ҳуқуқий мажбурият юкламайди.
Тошкент шаҳрида 2014 йил 28 майда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, латиш ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Мазкур Меморандум қоидаларини талқин қилишда ихтилофлар юзага келган тақдирда Томонлар рус тилидаги матнга асосланадилар.
(имзолар)