Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан Покистон Ислом Республикаси савдони ривожлантириш агентлиги ўртасида
англашув Меморандуми
Икки томонлама савдо алоқаларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
2015 йил 17 ноябрь, Тошкент
(Ўзбекистон Республикаси учун 2015 йил 17 ноябрдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ва Покистон Ислом Республикаси савдони ривожлантириш агентлиги (бундан кейин якка тартибда «Томон», биргаликда «Томонлар» деб аталувчилар),
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида иқтисод ва савдо ҳамкорлиги тўғрисида 1992 йил 27 июнда имзоланган Битим қоидаларига амал қилиб,
Ўзбекистон ва Покистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги икки томонлама муносабатларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга муҳим аҳамият қаратиб,
икки томонлама савдо алоқаларининг янада ривожланишини таъминлаш учун қулай шароитлар яратиш муҳимлигини эътироф этиб,
икки давлат ўртасида ўзаро савдо ҳажмини ошириш истагида,
қуйидагилар тўғрисида ўзаро англашувга эришдилар:
1-модда
Томонлар ўз давлатлари миллий қонунчилигига мувофиқ ҳамда тенглик ва ўзаро манфаатдорлик принциплари асосида икки томонлама амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш орқали ўз мамлакатлари ўртасида савдо алоқаларини янада ривожланиши ва ўзаро савдонинг барқарор ўсишини таъминлашга кўмаклашадилар.
2-модда
Томонлар ўз ваколатлари доирасида ўзаро ҳамкорликни қуйидагилар орқали жадаллаштириш тўғрисида келишиб олдилар:
а) икки мамлакат манфаатдор корхона ва компанияларига қуйидагиларда ёрдам кўрсатиш:
ўзаро ташрифларни ташкиллаштириш, қўшма бизнес-форумлар, презентациялар, давра суҳбатлари ва бошқа амалий тадбирларни ўтказишга кўмаклашиш, шунингдек уларни Ўзбекистон ва Покистонда ўтказиладиган халқаро кўргазма-ярмарка тадбирлари ишида иштирок этишга жалб этиш;
бевосита ва узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, кенг номенклатурали саноат маҳсулотларини тўғридан-тўғри ва тизимли етказиб беришни ташкиллаштириш бўйича ташқи савдо шартномаларини тузиш ва уларни амалга ошириш;
б) ўзаро савдонинг ўсиши учун қулай шароитларни яратиш борасидаги масалалар ва таклифларни кўриб чиқиш;
в) савдо уйлари ва тармоқ ваколатхоналарини ташкил этиш, шунингдек икки Томон давлатларида саноат кўргазмаларини ўтказиш;
г) савдо алоқаларини ривожлантириш, тариф ва нотариф тартибга солиниши, божхона бошқаруви, солиқ режими ва ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа масалалар бўйича қонун ҳужжатлари тўғрисида маълумотларни алмашиш;
д) ўзаро манфаатли бошқа йўналишлар бўйича ҳамкорлик.
3-модда
Ушбу Меморандумнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Томонлар икки томонлама маслаҳатлашувларни, шунингдек Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро Қўшма комиссиянинг доимий йиғилишлари доирасида икки давлат манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотлар вакилларини жалб этиш орқали ўтказишлари мумкин.
4-модда
Ушбу Меморандум Томонлар давлатлари иштирокчиси бўлган бошқа амалдаги халқаро шартномалардан келиб чиқадиган уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
5-модда
Томонлар ушбу Меморандум доирасида алмашинилган ҳужжатлар, маълумотлар ва бошқа материалларнинг махфийлигини таъминлайдилар ҳамда уларни тақдим этувчи Томоннинг аввалдан олинган ёзма розилигисиз учинчи томонга ҳеч қандай шаклда бермайдилар.
6-модда
Ушбу Меморандум қоидаларини қўллаш ёки талқин қилишда келиб чиқадиган барча низолар Томонлар ўртасида ўзаро дўстона музокара ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал қилинади.
7-модда
Зарур ҳолларда Томонларнинг ўзаро келишуви асосида ушбу Меморандумга унинг ажралмас қисми ҳисобланган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Баённома ушбу Меморандумнинг 8-моддаси 1-бандида белгиланган тартибда кучга киради.
8-модда
1. Ушбу Меморандум имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва уч (3) йил давомида амал қилади ҳамда тугатилмагунига қадар ўз-ўзидан шундай уч йиллик муддатларга узаяверади.
2. Томонлардан бири ушбу Меморандумнинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни дастлабки ёки янгиланган уч йиллик муддатлар тугашидан уч (3) ой олдин хабардор қилиш орқали ушбу Меморандумнинг амал қилишини тугатиши мумкин.
3. Ушбу Меморандум амал қилиши давомида бажарилаётган дастурлар, агар Томонлар ўртасида бошқача келишув бўлмаса, уларнинг тугатилишига қадар давом эттирилади.
4. Томонлар ўртасида бошқача келишув бўлмаса, мазкур Меморандумнинг 5-модда қоидалари унинг кучи тугатилганидан сўнг ҳам уч (3) йил муддат давомида амал қилади.
Тошкент шаҳрида 2015 йил 17 ноябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
(имзолар)