Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг
Ажрими
Моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги суд қарорлари бекор қилиниб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишга асос бўлади
[Кўчирма]
Вилоят Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Г. Абдуллаеванинг манфаатида «Хатирчи пахта тозалаш» АЖга нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, уни ишга тиклаш, мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи ва маънавий зарарни ундиришни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди апелляция инстанциясининг 2013 йил 30 сентябрдаги ажрими билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган туманлараро судининг 2013 йил 12 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.
Қуйидаги асосларга кўра, Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2014 йил 24 февралдаги ажрими билан мазкур иш бўйича суд қарорлари бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.
Аниқланишича, Г. Абдуллаева «Хатирчи пахта тозалаш» АЖда ҳамшира вазифасида ишлаб келиб, жамиятнинг 2013 йил 22 майдаги 124-сонли буйруғига асосан вазифасидан озод қилинган.
Жамиятнинг буйруғида меҳнат шартномаси МКда назарда тутилган қайси асосларга кўра бекор қилинганлиги кўрсатилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 100-моддасига кўра, номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асосли бўлиши шарт.
Жамият раҳбари томонидан Г. Абдуллаевага 2013 йил 22 майдан меҳнат фаолияти тўхтатилганлиги ҳақида хат тақдим этилиб, шу куннинг ўзида меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида эмас, балки ишга қабул қилиш тўғрисидаги 2010 йил 2 октябрдаги буйруқни бекор қилиш ҳақида бўйруқ чиқарилган.
Туман тиббиёт бирлашмаси «Бажарувчи», «Хатирчи пахта тозалаш» АЖ «Буюртмачи» сифатида ўзаро шартнома тузишиб, унда буюртмачи хизмат кўрсатувчи тиббиёт ходимини тегишли прейскурант бўйича иш ҳақи билан таъминлаши ҳамда шартномада кўрсатилган суммаларни ҳар ойнинг 25 санасига қадар пул кўчириш йўли билан бажарувчининг ҳисоб рақамига тўлаб бериш мажбуриятини олган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, суд томонидан даъвогар билан айнан ким томонидан меҳнат шартномаси тузилганлиги аниқламаган.
Ўзбекистон Республикаси ФПК 314-моддасининг 4-қисмига кўра, суд ишда қатнашишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига доир масалани ҳал қилган бўлса ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарорнинг бекор қилинишига асос бўлади.
Суд, туман тиббиёт бирлашмаси билан жамият ўртасида шартнома асосида тиббиёт ходимини ишга қабул қилиш масаласида шартнома тузилганлиги юзасидан тиббиёт бирлашмаси вакилини қўшимча жавобгар сифатида ишга жалб этмаган.
2014 йил 24 февраль,
6-39-14-сон