Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг
Ажрими
Процессуал ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланганлиги суд қарорларининг ўзгартирилишига асос бўлади
[Кўчирма]
Н. Ахмедов Р. Абдиевага нисбатан болани олиб бериш ҳақида судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар билан турмушларидан уч нафар фарзандлари борлигини, ўзаро келишмовчиликлар туфайли 2011 йил апрелдан бирга яшамаётганликларини, 2001 йил 14 январда туғилган Аброр исмли фарзанди фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди кассация инстанциясининг 2012 йил 8 майдаги ажримига асосан онасининг тарбиясига олиб берилганлигини, ўғли Аброр онаси билан яшашни хоҳламаслигини, фарзандининг тарбияси учун барча шароитлар етарли эканлигинини баён қилиб, уни ўз тарбиясига олиб беришни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди кассация инстанциясининг 2013 йил 12 февралдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган туманлараро судининг 2013 йил 12 февралдаги ажрими билан фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган.
Қуйидаги асосларга кўра, Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2013 йил 23 декабрдаги ажрими билан суд қарорлари ўзгартирилган.
Иш ҳужжатларига кўра, тарафлар 1999 йил 13 ноябрдан қонуний никоҳда бўлиб, 2001 йилда туғилган Аброр, 2004 йилда туғилган Акбар ва 2006 йилда туғилган Дилнаво исмли фарзандлари бор.
Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2012 йил 14 февралдаги ҳал қилув қарорига кўра, Р. Абдиеванинг Н. Ахмедовга нисбатан болани олиб бериш ҳақидаги, шунингдек Г. Абдиевнинг Р. Ахмедовага нисбатан болани олиб бериш ҳақидаги қарши даъвоси рад қилинган.
Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди кассация инстанциясининг 2012 йил 8 майдаги ажрими билан ҳал қилув қарорининг Р. Ахмедованинг даъво талабини рад қилиш қисми бекор қилинган ва 2001 йилда туғилган Аброр исмли фарзандини унинг тарбиясига олиб бериш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинган.
Ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси ФПК 100-моддасининг 2-бандига кўра, айни бир тарафлар ўртасида, айни бир предмет тўғрисидаги ва айнан бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечишини қабул қилиш тўғрисидаги ёхуд тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими мавжуд бўлса, суд иш юритишни тугатади.
Суд айни бир тарафлар ўртасида, айни бир предмет тўғрисидаги ва айнан бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжудлигини ва фуқаролик иши ФПК 100-моддасининг 2-бандига асосан иш юритишдан тугатиш лозимлигини инобатга олмасдан, ФПК 100-моддасининг 1-бандига асосан иш юритишдан тугатиб, процессуал хатоликка йўл қўйган.
2013 йил 23 декабрь,
ФСҲ-302-13-сон