Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Чили Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида
Меморандум
Сиёсий маслаҳатлашувлар тўғрисида
2016 йил 7 октябрь, Тошкент
(Ўзбекистон Республикаси учун 2016 йил 7 октябрдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Чили Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг қоидалари ва халқаро ҳуқуқнинг умум-эътироф этилган нормаларига амал қилиб,
икки томонлама муносабатларда умумий қизиқиш уйғотадиган хамда минтақавий ва халқаро масалалар бўйича турли даражаларда маслаҳатлашувлар ўтказиш ўзаро манфаатлилигини инобатга олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар умумий қизиқиш уйғотадиган қатор масалалар юзасидан мунтазам равишда икки томонлама, минтақавий ёки кўп томонлама миқёсда сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиб туришлари мумкин.
2-модда
Бундай учрашувлар мутаносиб равишда Ўзбекистон ва Чили ёки учинчи давлатда ўтказилади. Мазкур учрашувлар иштирокчиларининг даражаси, учрашув вақти, жойи ва кун тартиби олдиндан дипломатик каналлар орқали келишилади.
Томонлар, ўзаро келишувга мувофиқ умумий қизиқиш уйғотадиган айрим масалаларни муҳокама қилиш учун аd hос (махсус) ишчи гуруҳлар тузишлари мумкин.
3-модда
Томонлар қуйидаги устувор йўналишлар бўйича маслаҳатлашувлар ўткизишлари мумкин:
а) икки томонлама муносабатларни ривожлантириш;
б) умумий қизиқиш уйғотадиган глобал ва минтақавий масалалар;
в) умумий манфаатлардан келиб чиқадиган бошқа масалалар бўйича ахборот алмашиш.
4-модда
Томонлар халқаро ташкилотлар, тузилмалар ва форумлар, хусусан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида позицияларини ўзаро келишиш ва қўллаб-қувватлаш имкониятларини ўрганиш мақсадида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказишлари мумкин.
5-модда
Томонлар ўзаро ташрифлар йўли билан алоқаларни мустаҳкамлашга кўмаклашиш, тажриба ва фикр алмашиш мақсадида баҳамжиҳат ҳаракат қилиш учун қулай шароитлар яратишлари мумкин.
6-модда
Томонлар мазкур Меморандумга ўзаро келишув асосида ўзгартиш ва қўшимчалар киритишлари мумкин.
Мазкур Меморандумни қўллаш ёки талқин қилиш билан боғлиқ вужудга келиши мумкин бўлган келишмовчиликлар Томонлар ўртасида музокаралар ва/ёки маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал этилади.
7-модда
Мазкур Меморандум имзоланган санадан бошлаб кучга киради.
Мазкур Меморандум номуайян муддатга тузилади. Томонлардан бири бошқа Томонни мазкур Меморандумнинг амал қилишини тугатиш ҳақидаги ўзининг истаги тўғрисида дипломатик каналлар орқали олти ой олдин хабардор қилгунига қадар амал қилади.
Тошкент шаҳрида 2016 йил 7 октябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, испан ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келса, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)