Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Афғонистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида
англашув Меморандуми
Ҳамкорлик тўғрисида
2017 йил 24 январь, Қобул
(Ўзбекистон Республикаси учун 2017 йил 24 январдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Афғонистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Томонлар давлатлари ўртасида икки томонлама алоқалар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш истагида,
ўзаро қизиқиш уйғотадиган соҳалардаги икки томонлама муносабатларни шериклик, тенглик, яхши қўшничилик ва ички ишларга аралашмаслик принциплари асосида ривожлантиришга интилган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари, ўзаро қизиқиш уйғотадиган минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилиш мақсадида маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
2-модда
Томонлар ушбу Меморандумнинг 1-моддасида кўрсатилган масалалар бўйича маслаҳатлашувларни доимий асосда навбат билан Ўзбекистон ва Афғонистонда ёки халқаро тадбирлар доирасида ўтказадилар.
Делегациялар даражаси, маслаҳатлашувлар кун тартиби ва муддатлари дипломатик каналлар орқали келишилади.
3-модда
Маслаҳатлашувлар қуйидаги масалаларни қамраб олиши мумкин:
а) Томонлар давлатлари ўртасида иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, мазкур соҳадаги лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш;
б) Томонлар давлатлари ўртасида тузилган икки томонлама шартномаларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида уларни мониторинг қилиш ҳамда шартномавий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш ва кенгайтириш;
в) терроризм, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари муомаласи ҳамда уюшган жиноятчиликка қарши кураш;
г) маданий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш.
4-модда
Томонлар ўз ваколатлари доирасида иккала мамлакатнинг давлат бошқарув органлари ва муассасалари ўртасида бевосита алоқаларнинг ўрнатилиши ва ривожланишига кўмаклашадилар.
5-модда
Томонларнинг халқаро конференциялар ва учрашувларда иштирок этаётган вакиллари, шунингдек учинчи давлатлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлардаги икки давлат дипломатик миссиялари ўзаро қизиқиш уйғотадиган масалалар бўйича маслаҳатлашувлар олиб боришлари мумкин.
6-модда
Ушбу Меморандумни талқин қилиш ва қўллашда юзага келадиган барча низо ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал этилади.
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра, ушбу Меморандумга ёзма равишда қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
7-модда
Ушбу Меморандум Томонлар имзолаган санадан кучга киради ва Томонлардан бири бошқа Томонни ушбу Меморандумнинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида дипломатик каналлар орқали уч (3) ой аввал хабардор қилгунига қадар амал қилади.
Қобул шаҳрида 2017 йил 24 январда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, дори ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Меморандум қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда, инглиз тилидаги матн устувор бўлади.
(имзолар)