Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг
буйруғи
Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар ҳудудидан маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг четга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш хақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 26 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3026]
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.06.2018 й., 10/18/3026/1408-сон)
Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар ҳудудидан маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг четга чиқиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ 2019 йил 11 январь кунидан эътиборан кучга киради.
Вазир П. БОБОЖОНОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 15 май,
135-сон
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2018 йил 15 майдаги 135-сон буйруғига
ИЛОВА
Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар ҳудудидан маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг четга чиқиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар (бундан буён матнда махсус қабулхона деб юритилади) ҳудудидан маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг четга чиқиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Маъмурий қамоққа олинган шахсларга иккала томонга бориб-келиш вақти (икки суткагача) ҳисобга олинмаган ҳолда бир суткадан кўп бўлмаган муддатга махсус қабулхона ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси доирасида четга чиқишга рухсат берилиши мумкин.
2. Маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш вақти маъмурий қамоқни ўташ муддатига қўшиб ҳисобланади.
3. Махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш харажатлари маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг маблағлари ҳисобидан ёки бошқа шахслар томонидан тўланади.
2-боб. Маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқишини ташкил этиш
4. Маъмурий қамоққа олинган шахслар махсус қабулхонада сақланаётган вақтида яқин қариндошининг вафоти ёки унинг ҳаётига таҳдид солувчи оғир касаллик, маъмурий қамоққа олинган шахсга ёки унинг оиласига анча миқдорда моддий зарар етказган ҳодисалар содир этилганлиги юзасидан хабар олганида махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш учун рухсат бериш тўғрисида ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
5. Маъмурий қамоққа олинган шахснинг махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш учун рухсат бериш тўғрисидаги аризаси ариза келиб тушган вақтдан эътиборан кейинги кундан кечиктирмай махсус қабулхона маъмурияти томонидан кўриб чиқилади.
6. Шу куннинг ўзида махсус қабулхона маъмурияти томонидан маъмурий қамоққа олинган шахснинг яшаш жойидаги туман (шаҳар) ички ишлар органига аризадаги важларнинг асослилигини текшириб бериш бўйича сўров хати (факс, электрон почта ва ҳ.к.) юборилади.
7. Туман (шаҳар) ички ишлар органлари томонидан махсус қабулхонанинг сўров хати келиб тушгандан бошлаб зудлик билан сўров хатида кўрсатилган важларнинг асослилигини ёки асоссизлигини тасдиқловчи (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, тиббиёт бирлашмаси, фуқаролик ҳолати далолатномасини ёзиш бўлими ва бошқа органлардан олинган) маълумотларни илова қилган ҳолда жавоб хати юборилади.
8. Маъмурий қамоққа олинган шахснинг четга чиқиши тўғрисидаги қарор унинг шахси, хулқ-атвори ҳамда аризада мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган важларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлиги инобатга олинган ҳолда қабул қилинади.
9. Маъмурий қамоққа олинган шахснинг махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш учун рухсат бериш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилган ёки аризада кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмаган тақдирда қаноатлантирилиши рад этилганда махсус қабулхона маъмурияти томонидан мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда қарор қабул қилинади.
Қарор махсус қабулхона маъмурияти томонидан маъмурий қамоққа олинган шахсга таништирилади ҳамда қарорнинг асл нусхаси ва тўпланган ҳужжатлар маъмурий қамоққа олинган шахсга нисбатан юритилган йиғма жилдда жамланади.
10. Рухсат бериш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилган тақдирда, қарор ариза келиб тушган пайтдан эътиборан кейинги кундан кечиктирмай қабул қилиниб, дарҳол маъмурий қамоққа олинган шахсга таништирилади ва унга махсус қабулхонага қайтиб келиш вақти, қайтиб келмаслик оқибатлари тушунтирилиб, белгиланган манзилга етиб боргач ҳудудий профилактика (катта) инспекторига (бундан буён матнда профилактика инспектори деб юритилади) хабар бериши лозимлиги тўғрисида огоҳлантирилади ҳамда махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш учун рухсат берилганлиги тўғрисида мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда маълумотнома берилади.
Агар, маъмурий қамоққа олинган шахсга махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш учун рухсат берилган муддат, ушбу жазони ўташ муддатининг тугашига тўғри келган тақдирда, маъмурий қамоққа олинган шахс махсус қабулхонага қайтиб келмаслиги тўғрисида мазкур Низомнинг 9-бандида назарда тутилган қарорда кўрсатилиши лозим.
11. Маъмурий қамоққа олинган шахсга махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш учун рухсат берилганда ундан махсус қабулхонага келиб тушганда олиб қўйилган ҳужжатлар, пул маблағлари, қимматбаҳо буюмлар, нарсалар ва бошқа ашёлар тилхат асосида қайтарилади.
12. Маъмурий қамоққа олинган шахс махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқарилганидан сўнг зудлик билан махсус қабулхона маъмурияти томонидан маъмурий қамоққа олинган шахс бориши лозим бўлган туман (шаҳар) ички ишлар органига мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклда хабарнома юборилади.
13. Мазкур Низомнинг 12-бандида кўрсатилган хабарнома келиб тушган куннинг ўзида туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғи, у бўлмаганда унинг ўринбосари томонидан ижро этиш учун профилактика инспекторига топширилади ва ижроси назорат қилинади.
3-боб. Маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхона ҳудудидан четга чиққан вақтида назорат қилиш
14. Маъмурий қамоққа олинган шахснинг махсус қабулхона ҳудудидан четга чиққан вақтида белгиланган манзилда бўлишини назорат қилиш ҳудудий ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари зиммасига юклатилади.
15. Профилактика инспектори маъмурий қамоққа олинган шахснинг белгиланган манзилга етиб келиши, ажратилган вақт оралиғида ҳуқуқбузарликлар содир этмаслиги ва махсус қабулхонага қайтиб кетишини назорат қилади.
16. Маъмурий қамоққа олинган шахс белгиланган манзилга етиб келган вақтида профилактика инспектори унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати ва махсус қабулхона томонидан берилган маълумотномани текшириб, у билан 1 соатдан ошмаган вақт мобайнида профилактик суҳбат ўтказади.
17. Маъмурий қамоққа олинган шахснинг махсус қабулхонага белгиланган муддатда қайтиб келишини қийинлаштирувчи кутилмаган ҳолатларда қайтиб келиш муддати маъмурий қамоққа олинган шахс турган жойдаги ички ишлар органи бошлиғининг мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шаклдаги қарорига кўра икки суткагача узайтирилиши мумкин ва бу ҳақда махсус қабулхона маъмурияти хабардор қилиниши шарт.
Агар, маъмурий қамоққа олинган шахс турган жойдаги ички ишлар органи бошлиғининг қарори билан узайтирилган муддат, ушбу жазони ўташ муддатининг тугашига тўғри келган тақдирда, маъмурий қамоққа олинган шахс махсус қабулхонага қайтиб жўнатилмайди.
18. Маъмурий қамоққа олинган шахснинг махсус қабулхонадан четга чиқиш вақти тугагандан сўнг, ушбу шахс ички ишлар органлари томонидан махсус қабулхонага қайтариб юборилади ва бу ҳақда махсус қабулхона маъмурияти хабардор қилинади.
19. Маъмурий қамоққа олинган шахс белгиланган муддатда махсус қабулхонага қайтиб келишдан бўйин товлаган тақдирда у ички ишлар органи ходимлари томонидан ушланади ва махсус қабулхонага жўнатилади.
20. Маъмурий қамоққа олинган шахс белгиланган манзилдан чиқиб, махсус қабулхонага етиб келмаган тақдирда махсус қабулхона маъмурияти томонидан маъмурий қамоққа олинган шахснинг доимий яшаш, четга чиқиш учун юборилган ва яна бориши мумкин бўлган бошқа жойлардаги ички ишлар органларига ушбу шахсни қидириб топиш ҳамда махсус қабулхонага қайтариш чораларини кўришлари юзасидан хабарнома юборилади.
21. Мазкур Низомнинг 20-бандида кўрсатилган хабарномани олган ички ишлар органи бошлиғи, у бўлмаганда унинг ўринбосари томонидан маъмурий қамоққа олинган шахсни қидириб топиш учун ички ишлар органлари ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилади ва ходимларга аниқ вазифалар белгилаб берилади.
22. Маъмурий қамоққа олинган шахс қидириб топилгандан сўнг ички ишлар органи томонидан дарҳол махсус қабулхонага жўнатилади.
23. Маъмурий қамоққа олинган шахс белгиланган муддатда махсус қабулхонага қайтиб келмаган ҳолларда махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш вақти маъмурий қамоқни ўташ муддатига қўшиб ҳисобланмайди.
4-боб. Якуний қоида
24. Ушбу Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.
Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар ҳудудидан маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг четга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА

«ТАСДИҚЛАЙМАН» _______________________________ (муассаса номи) бошлиғи_______________________ (унвони, Ф.И.О.)

‎‎Маъмурий қамоққа олинган шахснинг махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиши учун рухсат бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш натижалари юзасидан
‎ҚАРОР

Мен _____________________________________________________________________________________________,
мансабдор шахснинг унвони, Ф.И.О.
‎маъмурий қамоққа олинган ______________________________________________________________________ нинг
‎Ф.И.О.

‎‎‎‎аризасига асосан тўпланган ҳужжатлар билан танишиб чиқиб,‎

ҚАРОР ҚИЛАМАН

_________________________________________________________________________________________________ берилган аризанинг асосларини тасдиқловчи далиллар

‎‎________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ни инобатга олган ҳолда маъмурий қамоққа олинган _______________________________________________________ ни‎
Ф.И.О. ‎
махсус қабулхона ҳудудидан 20____ йил «____» __________ дан «_____» ____________________________ гача четга (манзили аниқ кўрсатилади) чиқишига рухсат берилсин (ёки рад этилсин).

Маъмурий қамоққа олинган __________________________________________ ни озод қилиш муддатига ________ кун

Ф.И.О.

‎‎қолганлиги сабабли, унинг махсус қабулхонага қайтиб келмаслиги инобатга олинсин.

Маъмурий қамоққа олинган шахс қарор билан танишганлиги (рухсат берилган тақдирда белгиланган манзилга ажратилган вақт оралиғида бориб келиши ва махсус қабулхонага топширган нарсаларини қайтариб олганлиги) тўғрисидаги тилхати:

‎‎_________________________________________________________________________________________________ (фуқаронинг Ф.И.О., имзоси ва сана)

Қарор қилган ходимнинг имзоси _______________________________________________________________________

‎‎(унвони ва Ф.И.О.)

‎‎20___йил «______»____________________
Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар ҳудудидан маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг четга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

Махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш учун рухсат берилганлиги тўғрисида

‎МАЪЛУМОТНОМА

‎‎_________________________Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган‎ махсус қабулхонада,
‎(ички ишлар органи номи)
‎_______________ шаҳар-туман маъмурий ишлар бўйича судининг қарорига асосан 20__ йил «___» _____________ дан
‎«___» ______________ гача сақланиши белгиланган фуқаро ‎ _______________________________________________
‎_______________________________ га махсус қабулхона ҳудудидан 20__ йил «___» _______ дан «___» ___________ гача четга (манзили аниқ кўрсатилади) чиқишига рухсат берилди.

Махсус қабулхона
‎бошлиғи ‎


‎________________
‎(имзо ва муҳр)‎


‎__________________________
‎(Ф.И.О.)‎

Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар ҳудудидан маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг четга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА

_______________________________ (ички ишлар органи номи) бошлиғи_____________________ га (унвони, Ф.И.О.)

ХАБАРНОМА

________________________ Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган ‎махсус қабулхонада,
‎(ички ишлар органи номи)
_____________________ шаҳар-туман маъмурий ишлар бўйича судининг қарорига асосан сақланаётган фуқаро ____________________________________ га махсус қабулхона ҳудудидан ____________________________________‎

(рухсат бериш сабаби кўрсатилади)

‎‎четга (манзили аниқ кўрсатилади) чиқишига рухсат берилганлиги муносабати билан унинг белгиланган манзилга 20__ йил «___» ______________ куни (аниқ вақти кўрсатилади) етиб бориши, 20__ йил «___» ______________ гача _______________________________ манзилда бўлиши ва махсус қабулхонага қайтиб келишини назоратга олишингиз сўралади.

Махсус қабулхона
‎бошлиғи ‎


‎________________
‎(имзо ва муҳр)‎


‎__________________________
‎(Ф.И.О.)‎

Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар ҳудудидан маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг четга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга
4-ИЛОВА

«ТАСДИҚЛАЙМАН» _______________________________ (ички ишлар органи номи) бошлиғи_______________________ (унвони, Ф.И.О.)

Маъмурий қамоққа олинган шахснинг махсус қабулхонага қайтиб бориш муддатини узайтириш тўғрисида

‎‎ҚАРОР

20 ___йил «___»_________‎________

__________________ туман (шаҳар)
‎‎

‎‎________________________________________________________________________________________________
‎(ходимнинг унвони, лавозим, Ф.И.О.)

‎‎махсус қабулхонадан 20__ йил «___» _______ дан «___» _________ гача четга (манзили аниқ кўрсатилади) чиқишга рухсат этилган __________________________________________________________________________________ га

‎‎(маъмурий қамоққа олинган шахснинг Ф.И.О.)
‎‎нисбатан тўпланган ҳужжатлар ва унинг оилавий шароити билан танишиб қуйидагиларни

‎‎АНИҚЛАДИМ

‎Маъмурий қамоққа олинган _________________________________________________________________________
‎(Ф.И.О.)
‎ 20__ йил «___» ________________ дан «___» _____________________ гача белгиланган (манзили аниқ кўрсатилади) манзилда бўлиб, ___________________________________________________________________________________
‎________________________________________________________________________________________________
(қайтиб келишини қийинлаштирувчи ҳолатларда ҳақида маълумот)

‎‎сабабли, унинг махсус қабулхонага қайтиб бориш муддатини узайтириш мақсадга мувофиқ эканлиги маълум бўлди.
‎Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда

ҚАРОР ҚИЛДИМ‎

‎‎1. Маъмурий қамоққа олинган ___________________________________________________________________ нинг
(Ф.И.О.)‎

‎‎махсус қабулхонага қайтиб бориш муддати узайтирилсин
‎‎________________________________________________________________________________________________
‎________________________________________________________________________________________________
‎ (узайтирилган муддат маъмурий қамоққа олинган шахсни жазони ўташ муддатининг тугашига тўғри келган тақдирда унинг махсус қабулхонага қайтиб жўнатилмаслиги кўрсатилади).
‎2. Қарор нусхаси маълумот учун махсус қабулхонага юборилсин. Маъмурий қамоққа олинган шахснинг қарор билан танишганлиги тўғрисида тилхати ______________________________________________________________________

‎‎(фуқаронинг Ф.И.О., имзоси ва сана)


‎‎‎Қарор тузган ходимнинг имзоси ______________________________________________________________________
‎(унвони ва Ф.И.О.)

20___йил «___»___________