Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирининг
буйруғи
Илмий лабораторияларни яратиш ва қўшимча жиҳозлаш бўйича танловларни ўтказиш, шунингдек зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 5 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3035]
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.07.2018 й., 10/18/3035/1473-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПФ-5264-сон «Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2017 йил 30 ноябрдаги ПҚ-3416-сон «Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Илмий лабораторияларни яратиш ва қўшимча жиҳозлаш бўйича танловларни ўтказиш, шунингдек зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссиясининг қарори 2017 йил 20 сентябрдаги 2-сон қарори билан тасдиқланган Давлат илмий-техника дастурларини бажаришда иштирок этувчи илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларини илмий, технологик ва лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) ва илмий лабораторияларни зарур сарфланувчи материаллар ва бутловчи қисмлар билан узлуксиз таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2947, 2017 йил 15 ноябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 46-сон, 1140-модда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир И. АБДУРАХМАНОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 4 июнь,
14/4-сон
Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг 2018 йил 4 июндаги 14/4-сон буйруғига
ИЛОВА
Илмий лабораторияларни яратиш ва қўшимча жиҳозлаш бўйича танловларни ўтказиш, шунингдек зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПФ-5264-сон «Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2017 йил 30 ноябрдаги ПҚ-3416-сон «Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан илмий лабораторияларни яратиш ва қўшимча жиҳозлаш бўйича танловларни ўтказиш, шунингдек зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Илмий лабораторияларни яратиш ва қўшимча жиҳозлаш бўйича танловларни ўтказиш, шунингдек зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш билан боғлиқ харажатлар Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг (бундан буён матнда Жамғарма деб юритилади) маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
2. Илмий лабораторияларни яратиш ва қўшимча жиҳозлаш бўйича танловларни ўтказиш, шунингдек зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш бўйича лойиҳаларни (бундан буён буюртмалар деб юритилади) молиялаштириш тегишли молия йили учун Жамғарманинг Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатларнинг прогноз параметрларида кўзда тутилади.
2-боб. Буюртмалар учун танлов ўтказиш
3. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги (бундан буён матнда Вазирлик деб юритилади) томонидан давлат илмий-техника дастурларини бажаришда иштирок этувчи илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари (бундан буён матнда илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари деб юритилади) ўртасида буюртмалар бўйича танлов ўтказилади.
4. Буюртмалар бўйича танлов тўғрисидаги эълон танлов бошланишидан 2 ой аввал оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлар ҳамда Вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Танловни ўтказиш ҳақидаги эълонда қуйидаги маълумотлар бўлиши зарур:
танловни ўтказиш муддатлари;
танлов иштирокчиларига қўйиладиган талаблар;
зарур ҳужжатлар рўйхати;
боғланиш учун телефонлар ва электрон манзиллар.
5. Жамғарманинг Кузатув кенгаши илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг асослантирилган таклифлари бўйича танлов ўтказмасдан туриб қарор чиқариш ҳуқуқига эга.
6. Илмий тадқиқот ва олий таълим муассасалари буюртмаларига улар бевосита бўйсунувчи вазирлик ва идораларнинг расмий хати асосида қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
мазкур Низом иловасига мувофиқ шаклда талаб этилаётган лаборатория жиҳозлари, зарур сарфлаш материаллари ва (ёки) бутловчи қисмлар рўйхати, миқдори, таклиф этилаётган харид нархи, ишлаб чиқарувчи ёки етказиб берувчи давлатнинг номи, буюртманинг илмий ёки иқтисодий самарадорлиги;
буюртмадаги ҳар бир лаборатория жиҳози, сарфлаш материаллари ва/ёки бутловчи қисмларнинг тўлиқ спецификацияси;
ишлаб чиқарувчи ёки расмий етказиб берувчи вакилларнинг дастлабки тижорат таклифлари.
7. Илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари буюртмани тақдимот шаклида ҳимоя қиладилар. Буюртма тақдимоти электрон шаклдаги материаллар билан бойитилиши ҳамда буюртманинг долзарблиги, мақсад ва вазифалари ёритиб берилиши лозим.
8. Вазирлик томонидан умумлаштирилган буюртмаларни ўрганиш ва асосли хулосалар олиш мақсадида инновацион ривожланиш вазирининг буйруғи асосида ҳар йили янги таркибда эксперт гуруҳи тузилади.
9. Эксперт гуруҳи ўз йўналиши бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга бўлган юқори малакали (турли вазирлик, идоралар, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари) камида 7 нафар мутахассислардан иборат таркибда тузилади. Эксперт гуруҳи таркибининг сони тоқ бўлиши лозим.
Эксперт гуруҳи раҳбари, зарур ҳолларда тор ихтисослашувдаги қўшимча мутахассисларни (шу жумладан, ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, чет эл компаниялари ва мутахассисларини) экспертиза ишига жалб қилиши мумкин.
10. Эксперт гуруҳи 1 ойлик муддатда киритилган буюртмаларни тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиб, якуний хулосани Вазирликка тақдим этади.
11. Эксперт гуруҳи томонидан якуний хулоса тайёрлашда қуйидагиларга эътибор қаратилади:
мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим этилганлигига;
илмий-тадқиқот ва/ёки олий таълим муассасасини принципиал жиҳатдан янги, замонавий ва юқори технологик ускуналар билан жиҳозланишига;
буюртманинг тегишли тармоқ ёки соҳа эҳтиёжлари ва талабларига мослигига;
тақдимотда буюртманинг долзарблиги, мақсад ва вазифалари тўлиқ ёритилганлигига.
12. Эксперт гуруҳи мажлисини ўтказиш учун кворум унинг таркибининг 70 фоизини ташкил этиши керак. Эксперт гуруҳининг барча мажлислари ва қабул қилинган қарорлари баённомалар билан расмийлаштирилади. Кўрилаётган масала бўйича қарор эксперт гуруҳи аъзолари умумий сонининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
13. Эксперт гуруҳининг якуний хулосаларига мувофиқ танлаб олинган буюртмаларни амалга ошириш (сотиб олиш) харажатлари тегишли молия йилида Жамғарманинг ушбу мақсадлар учун режалаштирилиши кутилаётган маблағлари доирасида бўлиши зарур.
14. Вазирлик эксперт гуруҳининг якуний хулосаларини умумлаштириб, кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Жамғарманинг Кузатув кенгашига киритади. Буюртмалар рўйхати Жамғарма Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланганидан сўнг Жамғарма томонидан молиялаштирилади.
15. Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган буюртмаларнинг бирламчи ҳужжатлари ҳамда эксперт гуруҳининг якуний хулосаси нусхаси Вазирлик томонидан (аслига тўғрилигини тасдиқловчи муҳр билан) Жамғармага киритилади.
3-боб. Буюртмаларни молиялаштириш
16. Илмий лабораторияларни яратиш ва қўшимча жиҳозлаш, шунингдек зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш бўйича харидларни ташкил этиш учун Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси, Вазирлик ва буюртмани берган илмий-тадқиқот муассасаси ёки олий таълим муассасаси ўртасида уч томонлама шартнома тузилади.
17. Вазирлик хорижий етказиб берувчилар ва ишлаб чиқарувчиларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда танлаш асосида улар билан товар етказиб беришга (шу жумладан зарурат бўлганда, товарни илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасасига етказиб бериш, ишга тушириш-созлаш ва бошқа тегишли ишларни амалга оширишга) шартномаларни тузади.
18. Жамғарма Вазирлик томонидан молиялаштиришни очиш учун берилган сўровномага асосан шартномада белгиланган валютадаги суммаларни тегишли ҳисоб-рақамга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказиб беради.
19. Вазирликдан товарни қабул қилиб олиш буюртмани берган тегишли илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасаси томонидан бепул асосда амалга оширилади. Бунда товар етказиб берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари Жамғарманинг Ижро этувчи дирекциясига Вазирлик томонидан тақдим этилади.
20. Тегишли илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасаси учун сотиб олинган илмий асбоб-ускуналар, сарфланувчи материаллар ва бутловчи қисмлар мазкур илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасаларнинг бухгалтерия балансига олинади.
21. Буюртмалар билан боғлиқ харажатлар Жамғарманинг Кузатув кенгаши томонидан тегишли молия йили учун тасдиқланган даромадлари ва харажатлари прогноз параметрлари доирасида молиялаштирилади.
4-боб. Якуний қоидалар
22. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
23. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан келишилган.
Молия вазири Д. КУЧКАРОВ
2018 йил 4 июнь
Олий ва ўрта махсус таълим вазири И. МАДЖИДОВ
2018 йил 4 июнь
Фанлар академияси Президенти Б. ЮЛДАШЕВ
2018 йил 4 июнь
Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижро этувчи директори в.б. Б. ОХУНОВ
2018 йил 4 июнь
Илмий лабораторияларни яратиш ва қўшимча жиҳозлаш бўйича танловларни ўтказиш, шунингдек зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Лаборатория жиҳозлари, зарур сарфлаш материаллари ва (ёки) бутловчи қисмлар
РЎЙХАТИ

Т/р

Илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасаси номи

(янги ёки мавжуд лабораториянинг номи ҳам кўрсатилиши зарур)

Янги лаборатория жиҳозлари, қўшимча жиҳозлар, зарур сарфлаш материаллари ёки бутловчи қисмлар рўйхати (номи)

Сони (дона)

Таклиф этилаётган харид нархи
(харид қилиш валюта бирлигида)

Жами талаб этиладиган маблағ
(харид қилиш валюта бирлигида)

Ишлаб чиқарувчи (етказиб берувчи) давлат ва корхона

Буюртманинг илмий
ёки иқтисодий самарадорлиги

1.

2.

3.

...

...