Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг
буйруғи
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 5 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2565-6]
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.07.2018 й., 10/18/2565-6/1469-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2014 йил 28 февралдаги 53-мҳ-сон буйруғи (рўйхат рақами 2565, 2014 йил 28 февраль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 10-сон, 110-модда) билан тасдиқланган Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилсин ҳамда Ҳукумат баённома қарорлари ва идоравий норматив ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бошқармаси Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрига тегишли ёзув киритсин.
3. Қонун ҳужжатларини таҳлил қилиш ва туркумлаш бошқармаси ушбу идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинишини таъминласин.
4. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
5. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш вазирнинг биринчи ўринбосари Н. Жўраев зиммасига юклансин.
Вазир Р. ДАВЛЕТОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 5 июль,
356-мҳ-сон
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 5 июлдаги 356-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 65-банднинг «г» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«г) идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилганлиги ва унинг натижалари ҳақидаги маълумотлар.».
2. 68-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«68. Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, иқтисодиётнинг алоҳида соҳалари ва тармоқлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети масалалари билан боғлиқ идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тегишлича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги, ташқи савдо билан боғлиқ масалалар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги билан, инвестициялар билан боғлиқ масалалар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан, ташқи сиёсий фаолият билан боғлиқ масалалар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор масалалар бўйича — Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан, адвокатлик фаолияти ва суд ишини юритиш билан боғлиқ масалалар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга бевосита ёки билвосита таъсир қиладиган масалалар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилиши лозим.».