Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирининг
буйруғи
Давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлар)ни хорижда рўйхатдан ўтказиш ва қўллаб-қувватлаш харажатларини тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 5 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3034]
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.07.2018 й., 10/18/3034/1474-сон,)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПФ-5264-сон «Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2017 йил 30 ноябрдаги ПҚ-3416-сон «Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлар)ни хорижда рўйхатдан ўтказиш ва қўллаб-қувватлаш харажатларини тўлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир И. АБДУРАХМАНОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 4 июнь,
14/6-сон
Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг 2018 йил 4 июндаги 14/6-сон буйруғига
ИЛОВА
Давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлар)ни хорижда рўйхатдан ўтказиш ва қўллаб-қувватлаш харажатларини тўлаш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПФ-5264-сон «Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармони, 2017 йил 1 ноябрдаги ПҚ-3365-сон «Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2017 йил 30 ноябрдаги ПҚ-3416-сон «Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ Давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлар)ни хорижда рўйхатдан ўтказиш ва қўллаб-қувватлаш харажатларини тўлаш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлар)ни хорижда рўйхатдан ўтказиш ва қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг (бундан буён матнда Жамғарма деб юритилади) маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
2. Давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлар)ни хорижда рўйхатдан ўтказиш ва қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш тегишли молия йили учун Жамғарманинг Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатларнинг прогноз параметрларида кўзда тутилади.
2-боб. Интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлар)ни хорижда рўйхатдан ўтказиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича маълумотлар (рўйхат)ни шакллантириш, умумлаштириш ва тасдиқлаш
3. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги (бундан буён матнда Вазирлик деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва тасарруфида илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг Давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлар)ни хорижда рўйхатдан ўтказиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича таклифларини мақсадга мувофиқлигини ўрганади, умумлаштиради ҳамда таҳлил асосида дастлабки рўйхатни шакллантиради.
4. Вазирлик дастлабки рўйхатни шакллантиришда давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлар)ни хорижда рўйхатдан ўтказишдан ва қўллаб-қувватлашдан кутилаётган қуйидаги натижаларга амал қилади:
илмий ёки иқтисодий самарадорлик;
ишлаб чиқаришда фойдаланишдаги самарадорлик;
юқори техник натижа;
табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва табиатни муҳофаза қилиш қобилияти;
ижтимоий муаммолар ечимини таъминлаши ва бошқалар.
5. Вазирлик Давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлар)ни хорижда рўйхатдан ўтказиш ва қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили:
15 июнгача мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва тасарруфида илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идораларнинг таклифларини қабул қилади;
15 сентябргача Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига (бундан буён матнда Интеллектуал мулк агентлиги деб юритилади) шакллантирилган дастлабки рўйхатни ва маълумотларни тақдим этади.
Бунда, Вазирлик томонидан тақдим этилаётган маълумотда Давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлар)ни қайси хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш ва қанча муддат қўллаб-қувватланиши аниқ кўрсатилиши зарур.
6. Интеллектуал мулк агентлиги Давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлар)ни хорижда рўйхатдан ўтказиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича тақдим этилган маълумотларни ҳар йили 15 ноябргача Вазирликка тақдим этади.
Бунда, Интеллектуал мулк агентлиги Давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлар)ни хорижда рўйхатдан ўтказиш ва қўллаб-қувватлаш патент ҳамкорлиги тўғрисидаги битим РСТ ёки тўғридан-тўғри (конвенцион процедура) патентлаш йўли орқали амалга оширилиши учун талаб этиладиган харажатлар (тегишли валюта маблағларида) миқдори кўрсатилган маълумотни (рўйхатни) Вазирликка тақдим этади.
7. Вазирлик Интеллектуал мулк агентлиги томонидан тақдим этилган маълумотларни (рўйхатни) кўриб чиқиб, ҳар йили 1 декабргача тасдиқлаш учун Жамғарманинг Кузатув кенгашига киритади.
8. Жамғарманинг Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган рўйхат асосида давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқини (патентларни) баҳолаш, шунингдек, хорижда рўйхатдан ўтказиш ва кўллаб-қувватлаш харажатлари Жамғарма томонидан молиялаштирилади.
3-боб. Интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлар)ни хорижда рўйхатдан ўтказиш ва кучда сақлаб туришни молиялаштириш
9. Давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлар)ни хорижда рўйхатдан ўтказиш ва қўллаб-қувватлаш харажатларини тўлаш Жамғарма ижро этувчи дирекцияси, тегишли буюртманома берган илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасаси ва хорижий патент идораси (патент идораси агенти) ўртасидаги уч томонлама шартнома асосида амалга оширилади.
10. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида, шунингдек халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва тамойилларида мазкур Низомда белгиланганидан кўра бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартномалар қоидалари ёки халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва тамойиллари қўлланилади.
4-боб. Якуний қоидалар
11. Вазирлик Давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлар)ни хорижда рўйхатдан ўтказиш ва қўллаб-қувватлашнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича берилган хулосасига, таҳлил асосида дастлабки рўйхатни шакллантиришга масъул ҳисобланади.
12. Интеллектуал мулк агентлиги Давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлар)ни хорижда рўйхатдан ўтказиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича тақдим этилган маълумотларни, хорижда рўйхатдан ўтказиш ва патентни қўллаб-қувватлаш учун Патент ҳамкорлиги тўғрисидаги битим (PCT) ёки тўғридан-тўғри (конвенцион процедура) патентлаш йўли орқали талаб этиладиган харажатлар (тегишли валюта маблағларида) миқдори кўрсатилган маълумотни (рўйхатни) ўз вақтида ва тўғри тақдим этилишига масъул ҳисобланади.
13. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Интеллектуал мулк агентлиги, Фанлар академияси ҳамда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан келишилган.
Молия вазири Д. КУЧКАРОВ
2018 йил 4 июнь
Олий ва ўрта махсус таълим вазири И. МАДЖИДОВ
2018 йил 4 июнь
Интеллектуал мулк агентлиги Бош директори А. ФАЙЗУЛЛАЕВ
2018 йил 4 июнь
Фанлар академияси Президенти Б. ЮЛДАШЕВ
2018 йил 4 июнь
Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижро этувчи директори в.б. Б. ОХУНОВ
2018 йил 4 июнь
Давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлар)ни хорижда рўйхатдан ўтказиш ва қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк объектларини хорижий давлатларда рўйхатга олиш бўйича таклифлар

Т/р

Патент номи, рақами ва олинган санаси

Патент эгаси

Қайси давлатда рўйхатга олиш таклиф этилмоқда

Хорижий давлатда патентлашдан мақсад

Харажатлар

Жами

шундан:

Патентлаш

Патентни амалда ушлаб туриш

шу жумладан:

1-йил

2-йил

3-йил

...йил

1.

2.

3.

4.

5.

..