Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СУҒУРТА ОРГАНЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон давлат суғурта органлари тўғрисидаги илова қилинаётган Низом тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг «Ўзбекистон ССР давлат страхованиеси органлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 1979 йил 9 октябрдаги 700-сон қарори ўз кучини» йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 31 декабрь,
605-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
1992 йил 31 декабрдаги 605-сон
қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Ўзбекистон Республикаси давлат суғурта органлари тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси давлат суғурта органлари ҳисобланадилар:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси Давлат суғурта бош бошқармаси;
унга бўйсунувчи давлат суғурта бошқармалари ва назорат муассасалари.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат суғурта бош бошқармаси (Ўздавсуғурта) ҳисобланади, тўла хўжалик мустақиллиги шароитида иш олиб боради ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат суғурта бош бошқармаси, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бошқармалари ҳамда назорат муассасалари республика давлат суғурта органларининг ягона тизимини ташкил этади.
3. Ўзбекистон Республикаси давлат суғурта органларининг асосий вазифаси, фуқаролар ҳаётини, саломатлигини, мол-мулкини, шунингдек, мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхона ҳамда ташкилотларнинг иқтисодий манфаатларини табиий офатлар, ҳалокатлар, бахтсиз ҳодисалар ва бошқа кутилмаган ҳодисалардан суғурта йўли билан ҳимоялашни таъминлашдан иборат.
4. Ўзбекистон Республикаси давлат суғурта органлари ўзларига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги ишларни амалга оширади:
а) суғуртанинг қуйидаги давлат мажбурий турларини ўтказиш;
транспортдаги йўловчиларни;
қишлоқ хўжалиги корхоналарининг мол-мулкини;
фуқароларнинг мол-мулкини;
диний ташкилотларга ижарага берилган давлат иморатларини;
қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикаси давлат суғурта органлари зиммасиги юклатиладиган давлат суғуртасининг бошқа турларини ўтказиш;
б) аҳолини ихтиёрий шахсий суғурта қилишни амалга ошириш;
в) ижарачилар, давлат корхоналари (бирлашмалар), ширкат ва жамоат ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг мол-мулкини ихтиёрий суғурта қилишни ўтказиш;
г) хорижий юридик ва жисмоний шахсларга суғурта хизматлари кўрсатиш;
д) белгиланган тартибга мувофиқ суғурта тўловлари миқдорини аниқлаш ва уларни тўлашни амалга ошириш;
е) эҳтиётдан суғурта ва инвестиция фаолиятини, суғурта ва қайта суғурта қилиш, шу жумладан чет эл валютасида, аъмолларини амалга ошириш;
ж) республика вазирликлари ва идоралари билан, бошқа мамлакатларнинг суғурта ташкилотлари билан амалий алоқаларни ва ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма суғурта фаолиятини амалга ошириш;
з) тезкор ва бухгалтерия ҳисобини олиб бориш, тегишли ҳисоботни тузиш;
и) маълумотларнинг суғурта ахборот банкини ташкил этиш;
к) ўтказиладиган суғурта турларини реклама қилиш;
л) суғурта ходимлари кадрларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;
м) суғурта қилишнинг асосий шартларини ишлаб чиқиш;
н) маблағлар ва моддий бойликларнинг сақланишини назорат қилиш;
о) ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган бошқа фаолиятни амалга ошириш.
5. Ўзбекистон Республикаси давлат суғурта органлари тизимида молиявий фаолиятни тартибга солиб туриш учун қуйидагилар ташкил этилади:
устав жамғармаси;
захира жамғармаси;
эҳтиёт жамғармаси, шу жумладан, чет эл валютасида;
эҳтиётдан кўриладиган чора-тадбирлар жамғармаси;
суғурта ва қайта суғурта қилиш фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа жамғармалар.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат суғурта бош бошқармаси ҳамда унга бўйсунувчи давлат суғурта бошқармалари ва назорат муассасалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда фармойишларига, Молия вазирлигининг йўриқномалари ва буйруқларига, мазкур Низомга ҳамда бошқа норматив ҳужжатларга амал қилади.
7. Ўзбекистон Республикаси давлат суғурта органлари молиявий-хўжалик фаолиятининг асосий умумлаштирувчи кўрсаткичи даромаддир. У олинган даромадлар билан қилинган харажатлар (суғурта тўловлари, эҳтиётдан кўриладиган чора-тадбирларга сарфланган харажатлар, захира жамғармаларига ажратмалар, иш юритиш харажатлари) ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.
Бюджетга солиқлар тўланганидан сўнг қоладиган даромад давлат суғурта органларининг мулки бўлиб ҳисобланади.
8. Ўзбекистон Республикаси давлат суғурта органлари бюджетга тўланадиган солиқлар ва солиқ бўлмаган тўловларни ундириш учун белгиланган тартибда мажбурий суғуртага доир тўловларни ундиришни амалга оширади.
9. Ўзбекистон Республикаси Давлат суғурта органлари ходимларига бошқа суғурта ташкилотлари ишида қатнашиш, шунингдек, ўриндошлик йўли билан қатнашиш ман этилади.
10. Ўзбекистон Республикаси давлат суғурта органлари ва унинг бўлинмалари суғурта аъмоллари билан боғлиқ барча ишлар юзасидан давлат божи тўлашдан озод этиладилар.
11. Давлат суғурта органлари томонидан тўланадиган суғурта ҳақи суммаси ва шахсий суғуртага оид суғурта пулидан солиқлар ҳамда йиғимлар, шунингдек, давлат божи олинмайди.
12. Давлат суғурта органлари ўз мажбуриятлари бўйича ҳақ ундириш мумкин бўлган ўзларига тегишли мулкка жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат суғурта органлари давлат мажбуриятлари бўйича жавоб бермайдилар, давлат эса Ўзбекистон Республикаси давлат суғурта органларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Ўзбекистон Республикаси давлат суғурта органлари ўтказиши лозим бўлган давлат мажбурий суғурта турлари бўйича мажбуриятлар бундан мустаснодир.
Суғурта қилдирувчи Билан суғурта қилувчи ўртасидаги низолар қонун билан белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
13. Суғурта қилиш шартларини бузганлиги учун суғурта қилдирувчилар ва суғурта қилувчиларнинг жавобгарлиги улар ўртасида тузилган суғурта шартномасида белгиланади ва белгиланган тартибда тасдиқланган суғурта бўйича қоидалар ва йўриқномаларда айтиб ўтилади.
14. Ўздавсуғурта, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги бошқармалари ва назорат муассасалари юридик шахс ҳисобланадилар, банк муассасаларида ўзларининг ҳисоб-китоб ва валюта счётларига, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ҳамда номлари ўзбек ва рус тилларда ёзилган муҳрга эга бўладилар.
II. Ўзбекистон Республикаси давлат суғурта ишларини ва уни бошқаришни ташкил этиш
15. Республикада давлат суғурта органлари ишига раҳбарликни ва уларнинг фаолиятини назорат қилишни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги амалга оширади. Вазирлик:
давлат суғуртасини ўтказиш юзасидан кўрсатмалар беради;
давлат суғуртасига доир йиллик ҳисоботлар ва балансларни кўриб чиқади;
давлат суғурта органлари иши юзасидан тушган шикоят ва аризаларни кўриб чиқади.
Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазири, вилоятлар, шаҳарлар ҳокимликлари молия бошқармалари (бўлимлари) нинг бошлиқлари (мудирлари) Ўзбекистон Республикасининг суғуртага оид қонунларига, суғуртанинг ҳамма турларига доир қоидалар, йўриқномаларга тегишли суғурта органлари томонидан риоя этилишини, шунингдек, суғурта тўловлари тушуми, суғурта қопламаси ва суғурта пуллари тўланишини назорат қиладилар ҳамда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикаси Давлат суғурта бош бошқармаси
16. Ўзбекистон Республикаси Давлат суғурта бош бошқармасига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг тавсияси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган Молия вазирининг ўринбосари – бош бошқарма бошлиғи бошчилик қилади. Давлат суғурта бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари бўлади. Уларни вазирлик ҳайъати тасдиқлайди ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазири тайинлайди.
Давлат суғурта бош бошқармаси жойлардаги давлат суғурта органлари ишига услубий раҳбарлик қилади, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат этади, ишлаб чиқариш ва ижтимоий ривожлантиришнинг умумий йўналишларини, соф фойдани тақсимлаш тартибини, меҳнатга ҳақ тўлаш шакли ҳамда тизимини белгилаб беради.
Ўздавсуғурта даромаддан олинадиган солиқ бўйича республика бюджети билан марказлаштирилган тартибда ҳисоб-китоб қилади.
17. Ўзбекистон Республикаси Давлат суғурта бош бошқармасининг тузилмаси ва ходимлари сони, шунинг, лавозим маошлари схемаси ҳамда суғурта органлари ихтиёрида қоладиган фойдани ишлатиш тўғрисидаги Низом ва мукофотлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат суғурта бош бошқармасининг бошлиғи томонидан тасдиқланади.
18. Ўзбекистон Республикаси Давлат суғурта бош бошқармасига белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
суғурта тўловларидан ажратмалар ҳисобига ўтказиладиган тадбирлар рўйхати ҳақида, суғурта қилиниши лозим бўлган мол-мулкнинг нобуд бўлиши ва шикастланишининг олдини олиш юзасидан, шунингдек, юқорида кўрсатилган маблағларни сарфлаш тартиби тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;
бош бошқарма аппарат ва унга бўйсунувчи давлат суғурта органлари ҳамда ўз тасарруфидаги бошқа ташкилотлар ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқларининг лавозим маошларига устамалар белгилаш;
суғурта шартномалари тузиш ва ихтиёрий суғурта тўловларини қабул қилиш учун кредит муассасалари ҳамда бошқа муассасалар ва ташкилотларни жалб қилиш;
мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан суғурта шартномалари тузиш;
давлат суғуртаси маҳаллий органлари ва ўз тасарруфидаги ташкилотлар фаолиятини тафтиш қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки муассасаларида ва бошқа кредит муассасаларида Бош бошқарма учун счётлар очиш ҳамда ёпиш, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ маблағлар ва мол-мулкини тасарруф этиш; Ўздавсуғуртага юкланган вазифаларни амалга ошириш учун шартномалар тузиш; ишончномалар бериш; судда, ҳакамлик судида ва бошқа органларда иш олиб бориш;
ихтиёрий суғуртанинг ҳамма турлари бўйича идоравий меъёрий ҳужжатлар, шунингдек, давлат суғурта органларининг фаолияти масалалари юзасидан услубий кўрсатмаларни ишлаб чиқиш тасдиқлаш;
давлат суғурта органларининг молия-хўжалик фаолияти бўйича тавсияномалар тайёрлаш;
кирим ва чиқимлар баланси лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда балансни тузиш, шунингдек, тўловлар тушуми ҳажмини назорат қилиш кўрсаткичларини тайёрлаш.
19. Ўздавсуғурта ҳузурида Кенгаш тузилади, унинг таркибига Бош бошқарма бошлиғи, лавозими бўйича бошлиқнинг ўринбосарлари, шунингдек, республика давлат суғурта органларининг бошқа раҳбар ходимлари киради. Кенгаш аъзолари Ўздавсуғурта бошлиғининг тавсияга кўра Ўзбекистон Республикаси Молия вазири томонидан тасдиқланади.
Кенгаш иши тузилган режага мувофиқ амалга оширилади, режа бир йилга тузилиб, йил чоракларига бўлиб чиқилади ва суғурта тўловлари тушуми режасини бажариш давомида юзага келувчи энг долзарб ва муҳим масалаларни, шунингдек, амалий раҳбарликни такомиллаштириш, қарорлар ижросини назорат қилиш ва текшириш, раҳбар кадрлар ҳамда мутахассисларни танлаш ва жой-жойига қўйиш масалаларини ўз ичига олади.
Режа Ўздавсуғурта Кенгашининг қарори билан тасдиқланади.
Ўздавсуғурта Кенгаши аъзолари ўзлари эгаллаб турган лавозимлар бўйича асосий ишларидан ташқари, суғурта органлари ишининг асосий кўрсаткичлари сифатида белгиланган режаларни бажариш ҳамда давлат суғуртасини ривожлантириш бўйича республикада олиб борилаётган ишлар ҳам шахсан жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат суғурта бошқармалари ва назорат органлари
20. Давлат суғурта бошқармасига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳайъатининг қарори билан тасдиқланадиган ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазири томонидан тайинланадиган бошлиқ бошчилик қилади.
Вилоят бошқармаси аппаратининг тузилмаси, унинг шахсий таркиби, лавозими маошларига устамалар, бошқарма ходимларини, шу жумладан, суғурта назорат органлари бошлиқларини йилнинг иш якунларига кўра тақдирлаш тўғрисидаги низом бошқарма бошлиғи томонидан тасдиқланади.
Бошқарма бошлиғи давлат суғурта бошқармаси ва назорат органлари ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади.
21. Давлат суғурта бошқармаси:
суғурта тўловлари тушумига доир топшириқларни, харажатлар сметасини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, уларнинг бажарилишини назорат қилишни амалга оширади;
суғурта аъмолларининг статистика ва бухгалтерия ҳисобини тузади ва олиб беради, шунингдек, шаҳар ва туман давлат суғурта назорат органларида шу ҳисобни олиб бориш ҳолатини назорат қилишни амалга оширади, тасарруфидаги назорат органларининг молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилади ҳамда текширади;
суғуртанинг айрим турлари бўйича аъмолларни амалга оширади;
Ўздавсуғуртага чораклик ва йиллик ҳисоботларни тақдим этишни таъминлайди;
кредит муассасаларида счётлар очади ва ёпади, юридик ҳамда жисмоний шахслар билан ҳамкорлик қилиш ҳақида шартномалар тузади, судда, ҳакамлик суди ва бошқа органларда иш олиб боради;
суғурта тўловлари ажратмалари ҳисобига ўтказиладиган суғурта қилинган мол-мулкларнинг нобуд бўлиши ва шикастланишининг олдини олиш чора-тадбирларини режалаштиришда қатнашади ва юқорида кўрсатилган маблағларнинг мақсадли йўналтирилиши устидан назоратни амалга оширади.
22. Туман, шаҳар ва участка давлат суғурта назорат муассасаларига давлат суғурта бошқармасининг бошлиғи томонидан тайинланадиган бошлиқлар бошчилик қиладилар.
Туман, шаҳар ва участка давлат суғурта назорат муассасаларининг бошлиқларига белгиланган тартибда назорат муассасалари ходимларини, шунингдек, штатда бўлмаган суғурта вакилларини ишга тайинлаш ва ишдан озод этиш ҳуқуқи берилади.
23. Давлат суғурта назорат муассасига қуйидагилар юклатилади:
суғурта тўловлари тушуми бўйича топшириқларни ва харажатлар сметасини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;
назорат муассасасининг тузилмаси ва шахсий таркибини ишлаб чиқиш, штатдаги ходимларнинг лавозим маошларига устамалар, суғурта вакилларининг меҳнат ҳақи миқдорини белгилаш;
мажбурий ва ихтиёрий суғурта аъмолларини бевосита амалга ошириш;
штатда бўлмаган суғурта вакилларининг суғурта хизматлари кўрсатиш борасидаги ишига раҳбарлик қилиш;
суғурта аъмолларига доир статистика ва бухгалтерия ҳисобини олиб бориш, иш юритиш;
давлат маблағлари ҳамда моддий бойликларнинг сақланишини, уларнинг тўғри ва тежамли сарфланишини таъминлаш;
давлат суғуртасини янада ривожлантиришни, мажбурий ва ихтиёрий суғуртанинг ҳар бир турига оид тўловлар тушуми топшириқларининг бажарилишини таъминлаш;
суғурта қопламаси ҳамда суғурта пулларини қоида ва йўриқномаларда белгиланган тартибда аниқлаш ва тўлаш;
чораклик ва йиллик ҳисоботларни бошқармага белгиланган муддатларда тақдим этиш;
кредит муассасаларида ҳисоблар очиш ва ёпиш, шартномалар тузиш, судда, ҳакамлик суди ҳамда бошқа органларда иш олиб бориш.
Ўздавсуғурта маблағлари:
асосий маблағлар жамғармасидан;
суғуртанинг барча турлари бўйича аъмоллар учун захира жамғармасидан;
ҳаётни суғурта қилиш бўйича бадаллар захирасидан;
суғурта аъмоллари ва инвестиция фаолиятидан тушган жорий маблағлардан;
валюта жамғармасидан;
махсус жамғармадан;
суғурта органи тасарруфида қоладиган фойдадан;
давлат суғуртасини барқарорлаштириш жамғармасидан иборат бўлади.
Ушбу жамғармаларни ҳосил қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Давлат суғурта бош бошқармаси томонидан тасдиқланади.