Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикасида Давлат ер кадастрини юритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига, «Давлат ер кадастри тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида давлат ер кадастри юритилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикасида давлат ер кадастрини юритиш тартиби тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ;
1999 йилда Ўзбекистон Республикаси минтақалари бўйича ерлар сифатини баҳолаш (тупроқ бонитетини аниқлаш) бўйича ишларни амалга ошириш жадвали 2-иловага* мувофиқ;
* 2-илова берилмайди.
(1-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 138-сонли қарорига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 23-сон, 269-модда)
2. Туманлар ва шаҳарларда бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимларига, бошқа ташкилотларга юклансин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 августдаги 679-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 35-сон, 931-модда)
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 19 октябрдаги 483-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган— ЎР ҚҲТ, 2004 й., 42-сон, 446-модда)
4. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси, «Ўзгеодезкадастр» бош бошқармаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар уч ой муддатда ер кадастри кўрсаткичлари таркибини, тизимини ҳамда ер кадастри ҳужжатларининг ҳисобот шаклларини ишлаб чиқсинлар, Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги эса тасдиқласин.
5. Ер ресурслари давлат қўмитаси ва «Ўзгеодезкадастр» бош бошқармаси:
давлат ер кадастрини юритишнинг илмий тамойиллари ва услубиятини Давлат кадастрлари ягона тизимини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқишни ташкил этсинлар;
ер кадастрига доир ахборотларни манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларга бериш тартибини белгиласинлар;
1999 йилдан бошлаб ерларни харитага олиш, рўйхатдан ўтказиш, ҳисобга олиш ва баҳолашнинг замонавий технологияларига ўтишни таъминласинлар;
республикада ерга доир ахборотларнинг автоматлаштирилган тизими (ЕААТ)ни босқичма-босқич яратишга киришсинлар;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда кадастр ишлари учун кадрлар тайёрлашни таъминласинлар.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги давлат ер кадастрини юритишга доир ишларни бюджет кўрсаткичларида назарда тутилган ҳажмларда давлат бюджети маблағлари ҳисобига ўз вақтида маблағ билан таъминласин.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 19 октябрдаги 483-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 42-сон, 446-модда)
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов ва Бош вазир ўринбосари Б.М. Олимжонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 31 декабрь,
543-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
1998 йил 31 декабрдаги 543-сон
қарорига
1-ИЛОВА
Давлат ер кадастрини юритиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Давлат ер кадастри ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар кафолатланишини таъминлаш, ерларни ҳисобга олиш ва баҳолаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига, «Давлат ер кадастри тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ юритилади.
2. Давлат ер кадастри ерларнинг табиий, хўжалик ва ҳуқуқий режими, тоифалари, сифат хусусиятлари ва қиммати, ер участкаларининг ўрни ва ўлчамлари, уларнинг ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорлар ўртасидаги тақсимоти тўғрисидаги маълумотлар ва ҳужжатлар тизимидан иборатдир.
3. Ўзбекистон Республикасининг ер фонди давлат ер кадастри объекти ҳисобланади.
4. Ернинг табиий хоссаларини, ҳуқуқий ҳолатини ва ундан фойдаланишни ҳар томонлама ўрганиш ва баҳолаш давлат ер кадастрининг мавзуси ҳисобланади.
5. Ер кадастри ахборотини ишлаб чиқиш технологиясини доимий равишда такомиллаштириш, тизимлаштириш, сақлаш, янгилаш ва фойдаланувчиларга ишончли ва тежамли ер кадастри ахбороти бериш давлат ер кадастрининг асосий вазифалари ҳисобланади.
Давлат ер кадастрини юритиш аэрокосмик суратга олиш, топографик-геодезик, картографик, тупроқ, агрокимёвий, геоботаник тадқиқотлар ва бошқа тадқиқотлар ва изланишлар олиб бориш, ерларнинг миқдор ва сифат жиҳатидан ҳисобга олиниши ва баҳоланиши, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш билан таъминланади.
6. Давлат ер кадастри ер муносабатларини тартибга солиш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини, манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларни ер тўғрисидаги ахборот билан таъминлаш, ердан оқилона фойдаланишни, қайта тиклаш ва муҳофаза қилишни, ер тузилишини ташкил этиш, ер учун ҳақ тўлаш миқдорларини асослаш, хўжалик фаолиятини баҳолаш учун мўлжалланган.
7. Қуйидагилар давлат ер кадастрининг таркибий қисмлари ҳисобланади:
ер участкаларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш, уларни ижарага ёки мулк этиб олиш ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек сервитутларни ва ушбу ҳуқуқларга доир бошқа чеклашларни ҳисобга олиш;
(7-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 138-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 23-сон, 269-модда)
ер миқдорини ҳисобга олиш;
ер сифатини ҳисобга олиш (тупроқ бонитетини аниқлаш);
ерни қиймат жиҳатидан баҳолаш.
8. Қуйидагилар давлат ер кадастрини юритишнинг асосий тамойиллари ҳисобланади:
республиканинг бутун ҳудудини қамраб олиш;
фазовий координатларнинг ягона тизимини қўллаш;
ер кадастрига доир ахборот ишлаб чиқилиши услубиётининг бирлиги ва узлуксизлиги;
ер кадастри ахборотининг ишончлилиги ва тежамлилиги.
9. Давлат ер кадастри маълумотлари асосий (дастлабки) ва жорий маълумотларга бўлинади. Дастлабки рўйхатдан ўтказиш вақтида олинган маълумотлар ва давлат ер кадастрининг дастлабки маълумотларини тузиш асосий ахборот ҳисобланади.
Давлат ер кадастри маълумотларини қайта рўйхатдан ўтказиш ва (ёки) ўзгартириш жараёнида олинган маълумотлар жорий ахборот ҳисобланади.
10. Давлат ер кадастри Давлат кадастрларининг ягона тизимини, бошқа кадастр тизимлари ва мониторингларини яратиш ва юритиш учун фазовий-ҳуқуқий асос ҳисобланади.
Давлат кадастрларининг ягона тизимига киритиш учун ер-кадастр ахборотининг таркиби ва тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан белгиланади.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 138-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 23-сон, 269-модда)
11. Ер кадастри ахборотидан ер муносабатларини тартибга солишда, ердан фойдаланиш билан боғлиқ ижтимоий, иқтисодий ва экологик вазифаларни ҳал этишда фойдаланилиши керак.
12. Давлат ер кадастрини юритиш ишлари давлат бюджетидан ва бошқа манбалар ҳисобидан маблағ билан таъминланади.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 138-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 23-сон, 269-модда)
II. Давлат ер кадастрининг мазмуни
13. Қуйидагилар давлат ер кадастрининг мазмунини ташкил этади: ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш, ер миқдори ва сифатини ҳисобга олиш (тупроқ бонитетини аниқлаш), ерни қиймат жиҳатидан баҳолаш, шунингдек ер кадастри ахборотини тизимлаштириш, сақлаш, янгилаш ва манфаатдор шахсларга тегишли шакллар ва ҳажмларда бериш.
14. Мулк ҳуқуқи субъектини, ер участкаларига эгалик қилиш ва фойдаланишни белгиловчи, ер участкасига бўлган ҳуқуқлар кафолатланишини таъминловчи, ерни ҳисобга олиш ва баҳолаш учун асос яратувчи ерни рўйхатдан ўтказишга доир ахборот ер кадастри ахборотининг асосий, дастлабки таркибий қисми ҳисобланади.
Дастлабки рўйхатдан ўтказиш ахборотини шакллантириш пайтида ишларни ўтказиш пайтигача тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ ҳолда пайдо бўлувчи ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар чегаралари белгиланади ва рўйхатдан ўтказилади (қайта рўйхатдан ўтказилади).
15. Ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, ушбу ҳуқуқларнинг пайдо бўлиши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва тўхтатилиши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 138-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 23-сон, 269-модда)
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 138-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 23-сон, 269-модда)
17. Ер участкаларининг натурада чегараларини белгилаш геодезия усуллари билан ёки жойнинг ўзида чегараларнинг бурилиш нуқталарини зарур аниқликда белгилаш ва уларни чегара қозиқлари билан маҳкамлаш йўли билан картография материалидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Ер участкаларининг умумий майдони талаб қилинадиган аниқликда таҳлилий, график-таҳлилий ёки механик усуллар билан аниқланади.
Ерни рўйхатдан ўтказиш ахбороти автоматлаштирилган ерга доир ахборот тизимига киритилади.
Жорий рўйхатдан ўтказиш ахборотини шакллантиришда рўйхатга олувчи ҳужжатлар мундарижасига мулкдорлар, ер участкалари эгалари ва фойдаланувчиларининг ҳуқуқий ҳолати, шунингдек ернинг майдони, чегаралари, ундан фойдаланиш мақсади ва фойдаланиш режими бўйича юз берган ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотлар киритилади.
Натурада қайд этилган ўзгартиришлар, улар ҳужжатлар билан расмийлаштирилгандан кейин, ер кадастри дафтарига ҳамда автоматлаштирилган ерга доир ахборот тизимига киритилади.
18. Ер участкаларининг умумий майдонини ҳисобга олиш асосан геодезия усуллари билан, юқори аниқликни талаб этмайдиган ҳолларда эса картометрик усуллар билан бажарилади.
Экин майдонлари бўйича ер миқдорини ҳисобга олиш бир ва ундан ортиқ контурлардан иборат бўлган асосий ер кадастри бирликлари — ер участкалари доирасида юритилади. Барча тоифадаги экин майдонлари ҳисобга олиниши керак.
Экин майдонлари бўйича ер миқдорини асосий ҳисобга олиш тегишли кўламдаги янгиланган режа-картография асосида картометрик усул билан амалга оширилади.
19. Ер сифатини ҳисобга олиш қуйидагиларни ўз ичига олади: табиий-қишлоқ хўжалиги ва ер кадастри бўйича районлаштириш, ер таснифи, уларни экология, технология ва шаҳарсозлик белгилари ва бошқа белгилар бўйича тавсифлаш, тупроқ ва ерни гуруҳларга ажратиш.
Ерларнинг ўлчами, жойлашган ўрни, экин майдонлари турлари ва сифат ҳолатига оид қайд этиладиган маълумотлар ерни ҳисобга олиш ахборотини ташкил этади.
20. Маъмурий-ҳудудий даражанинг ошишига қараб ерни ҳисобга олиш ахбороти унинг кўрсаткичларининг қиёсийлигига риоя қилинган ҳолда умумлаштирилади.
21. Ерлар қийматини баҳолаш турли мақсадларга мўлжалланган ерлардан фойдаланиш самарадорлигининг ҳозирги вақтдаги даражасини аниқлаш, келажакда уни ошириш имкониятларини таҳлил қилиш, асослаш, ер солиғи ва бошқа тўловларни, унинг норматив баҳосини ҳисоблаб чиқариш, ерлардан оқилона ва самарали фойдаланишни рағбатлантириш учун амалга оширилади.
(21-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 138-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 23-сон, 269-модда)
Барча тоифадаги ерларни баҳолаш қонунчилик билан белгиланган тартибда натура (ерларнинг ҳар бир тоифаси учун ўзига хос бўлган) ва қиймат кўрсаткичлари тизими ёрдамида амалга оширилади.
Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги мақсадларидаги ерлар учун ҳам тупроқнинг унумдорлик қуввати — тупроқ бонитети бўйича қиёсий баҳолаш амалга оширилади.
Ерларнинг қиймат баҳосига ва тупроқ бонитетига доир маълумотлар ер баҳосига оид ахборотни ташкил этади.
22. Ерни рўйхатга олиш, ерни ҳисобга олиш ва ерни баҳолашга доир асосий ва жорий ахборотлар ер кадастри ахбороти мажмуини ташкил этади, улар ҳар хил: алфавит — рақам (матн, жадвал, координатлар ва майдонлар рўйхати), график (режа, харита, схемалар), электрон рақам (ЭҲМнинг тезкор хотираси, магнит манбалари) шаклларида қайд этилади.
221. Туман (шаҳар)нинг навбатчи ер-кадастр харитасини юритиш давлат ер кадастрининг таркибий қисми ҳисобланади.
Навбатчи ер-кадастр харитаси барча ер участкалари чегараларини етарли даражада аниқ кўрсатиш имконини берадиган масштабда, электрон ва қоғоз шаклида тайёрланади.
Навбатчи ер-кадастр хариталарида барча ер участкаларининг чегаралари кўрсатилади. Кейинчалик харитага ер участкаларининг эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорлари таркибида, шунингдек чегараларда бўлган ўзгаришлар мунтазам равишда киритиб борилади.
Навбатчи ер-кадастр харитасини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан белгиланади.
(221-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 138-сонли қарорига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 23-сон, 269-модда)
23. Ҳар бир маъмурий-ҳудудий даражада тақдим этиладиган ер кадастрига доир ҳужжатларнинг таркиби ва шакли «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилади, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ва Иқтисодиёт вазирлиги билан келишиб олинади.
(23-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 19 октябрдаги 483-сонли қарори таҳририда— ЎР ҚҲТ, 2004 й., 42-сон, 446-модда)
24. Ер кадастрига доир маълумотларнинг ишончлилиги учун давлат ер кадастрини юритиш вазифаси юкланган туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимларининг ваколатли шахслари, шунингдек, ер участкалари эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва ер участкалари мулкдорлари жавоб берадилар.
(24-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 19 октябрдаги 483-сонли қарори таҳририда— ЎР ҚҲТ, 2004 й., 42-сон, 446-модда)
III. Давлат ер кадастрини юритиш
25. Туманлар ва шаҳарларда бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари, бошқа ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
(25-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 августдаги 679-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 35-сон, 931-модда)
26. Дастлабки кадастр маълумотлари янгиланаётганда ер участкаларининг ҳуқуқий ҳолатида, ерларнинг сифат ҳолати ва улардан фойдаланишда, уларни баҳолашда юз бераётган ўзгаришлар аниқланади ва рўйхатдан ўтказилади. Ер участкалари мулкдорлари, ер участкалари эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимларига, бошқа ташкилотларга кўрсатиб ўтилган ўзгаришлар тўғрисида ўн кун муддатда ахборот беришга мажбурдирлар.
(26-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 августдаги 679-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 35-сон, 931-модда)
27. Туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари, бошқа ташкилотлар:
(27-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 августдаги 679-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 35-сон, 931-модда)
мулкдорлардан, ер эгаларидан, ердан фойдаланувчилардан ва ижарачилардан ҳуқуқий ҳолатда, ер участкаларининг таркибида ва ер участкаларидан фойдаланишда юз берган ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни тўплайдилар ва натурада текширилгандан кейин жорий ўзгаришларни уч кун мобайнида ер кадастри ахборотига киритадилар;
ер-кадастр дафтарини ва навбатчи ер-кадастр харитасини ташкил қиладилар ва юритадилар, туман (шаҳар) ер ресурсларининг мавжудлиги ва сифат бўйича ҳолати тўғрисидаги маълумотлар базасини доимий равишда янгилаб борадилар;
(27-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 138-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 23-сон, 269-модда)
ҳар йили 15 январгача Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаларига ерларнинг миқдори ва улардан фойдаланиш тўғрисида ҳисобот тақдим этадилар.
(27-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 19 октябрдаги 483-сонли қарори таҳририда— ЎР ҚҲТ, 2004 й., 42-сон, 446-модда)
28. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари:
туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимларининг ва Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси бошқа ташкилотларининг ер кадастрини юритишга доир фаолиятини мувофиқлаштириб борадилар;
(28-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 августдаги 679-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 35-сон, 931-модда)
туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимларининг ва Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси бошқа ташкилотларининг ҳисоботларини умумлаштирадилар, ер участкасига эгалик ҳуқуқи субъектлари, минтақадаги ер ресурслари миқдори, сифати ва уларни баҳолашга доир маълумотлар банкини яратадилар, Республика ер маълумотлари ягона банкини яратишда қатнашадилар;
(28-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 августдаги 679-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 35-сон, 931-модда)
(28-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 138-сонли қарорига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 23-сон, 269-модда)
табиатни муҳофаза қилиш органлари билан келишиб олинган минтақа ерларининг миқдори ва улардан фойдаланилиши тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар йили 1 февралгача «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасига тақдим этадилар.
(28-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 19 октябрдаги 483-сонли қарори таҳририда— ЎР ҚҲТ, 2004 й., 42-сон, 446-модда)
29. «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси:
давлат ер кадастри юритилишини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилишини таъминлайди;
вилоятлар, шаҳарлар, туманларнинг маъмурий чегараларини, кейинчалик уларнинг майдонларини мувофиқлаштирган ҳолда, геодезик усуллар билан белгилаш ва жойларга бириктириб қўйиш ишларини амалга оширади;
топография-геодезия ишларини ва ерларни тегишли масштабларда харитага олишни ташкил қилади;
ер ресурсларини аэрокосмик усуллар билан ўрганишни ташкил этади;
ҳудудий бўлинмаларнинг ерларнинг миқдори ва улардан фойдаланилиши тўғрисидаги ҳисоботларини ўрганади, таҳлил қилади ва умумлаштиради;
ишлаб чиқилган ер кадастри ахборотлари сифатини назорат қилади;
мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;
тупроқ, геоботаник ва бошқа турдаги махсус тадқиқотларни, ерларни баҳолашни ташкил этади;
ер кадастри ахборотининг сифати ва ҳар хиллигига талабни мунтазам ўрганиб боради, ер кадастрини юритиш технологиясини такомиллаштиришни таъминлайди;
республика минтақалари бўйича ер кадастри ҳужжатларини янгилаш навбатини ва муддатларини асослаб беради;
автоматлаштирилган ер ахбороти тизимини жорий этишни ва унинг фаолиятини амалга оширади;
ер кадастри ахборотларини нашр этади, манфаатдор вазирликлар ва идораларга маълумотлар тақдим этади;
Давлат кадастрлари ягона тизимига тақдим этиладиган ер кадастри ахборотлари таркибини, ҳажмини ва уларга техник талабларни белгилайди;
ҳар йили 1 мартгача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ер ресурсларининг ҳолати тўғрисида Миллий ҳисоботни тақдим этади»;
(29-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 19 октябрдаги 483-сонли қарори таҳририда— ЎР ҚҲТ, 2004 й., 42-сон, 446-модда)
(30-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 19 октябрдаги 483-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган— ЎР ҚҲТ, 2004 й., 42-сон, 446-модда)
(31-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 19 октябрдаги 483-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган— ЎР ҚҲТ, 2004 й., 42-сон, 446-модда)
(3-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 138-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 23-сон, 269-модда)