Тизимнинг ушбу имкониятидан фойдаланиш учун Сиз авторизация қилинишингиз керак!
Рўйхатдан ўтишни хоҳлайсизми? Ёки тизимга ўз логинингиз билан кирасизми?

Авторизация қилиш Рўйхатдан ўтиш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 майдаги ПҚ-2960-сонли қарорига мувофиқ жойларда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва иқтисодий комплексга кирувчи ҳудудий органлар раҳбарларининг, уларни моддий рағбатлантириш ёки уларга нисбатан интизомий чора қўллаш бўйича тегишли тизимни жорий этган ҳолда, аҳоли бандлигининг ўсиши ва уни иш билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги ва самарадорлиги учун маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулияти оширилди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 ноябрдаги ПФ-3-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.11.2021 й., 06/21/3/1037-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 ноябрдаги ПФ-3-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.11.2021 й., 06/21/3/1037-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 ноябрдаги ПФ-3-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.11.2021 й., 06/21/3/1037-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 апрелдаги ПФ-101-сонли Фармонига асосан 2023 йил 1 январдан чиқарилади — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.04.2022 й., 06/22/101/0288-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 ноябрдаги ПФ-3-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.11.2021 й., 06/21/3/1037-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 ноябрдаги ПФ-3-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.11.2021 й., 06/21/3/1037-сон)
 LexUZ шарҳи

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бандлик соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишда янгича ёндашувларни жорий этиш, шу жумладан, давлат ва хусусий бизнес ўртасидаги ҳамкорликка асосланган ҳолда меҳнат бозори инфратузилмасини ривожлантириш, ишсиз аҳолини, айниқса, ёшларни ишга жойлаштиришда самарали чора-тадбирларни амалга оширишга йўналтирилган.

Мамлакатимиз иқтисодиётини ислоҳ қилиш ва диверсификациялаш, фаол инвестиция сиёсати юритиш ҳисобига иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизациялаш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш асосида ҳар йили минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда. Бу ўз навбатида ўта долзарб муаммо ҳисобланган аҳоли, авваламбор ёшлар бандлигини таъминлаш имконини бермоқда.

Шу билан бирга, бандлик соҳасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда ҳалигача эскирган иш шакллари ва услубларидан фойдаланилмоқда, меҳнат бозоридаги ҳақиқий вазиятни бузиб кўрсатиш ҳоллари сақланиб қолмоқда, муҳим ижтимоий масала ҳисобланган олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришга юзаки ёндашув ҳолатлари учрамоқда.

Қабул қилинган Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги этиб қайта ташкил қилинди.

Фармонда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари, жумладан, янги иш ўринлари яратилишига давлат буюртмаларини ишлаб чиқиш, ҳудудий ва тармоқлар бандлик дастурларини амалга оширишни мувофиқлаштириш, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, кам таъминланган оилаларга нафақа ва моддий ёрдам ўз вақтида тўланиши мониторингини амалга ошириш ва бошқалар белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ҳамда унинг ўринбосарлари зиммасига янгидан ташкил этилган вазирликнинг вазифаларини бажариш, шу жумладан, меҳнат органлари томонидан аҳолига ва иш берувчиларга кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини ошириш ва улардан фойдаланиш қулайлигини таъминлаш, биринчи марта меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш ва уларни оилавий тадбиркорликка ва ҳунармандчиликка жалб этиш ҳамда ўзини ўзи банд қилишнинг турли шаклларини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича амалий чораларни кўриш бўйича шахсий масъулият юклатилди.

Алоҳида қайд этиш лозимки, Фармонда 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг биринчи маротаба ишга жойлашган битирувчилари, агар улар таълим муассасасини тамомлаган кундан бошлаб уч йилдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, ишга жойлашганидан кейин биринчи йил давомида иш ҳақидан олинадиган даромадлари бўйича ягона ижтимоий тўловнинг ўрнатилган ставкасини 50 фоизга, уларнинг иккинчи ва учинчи йил давридаги иш фаолияти бўйича 25 фоизга камайтириш белгиланди. Бу имтиёз бюджет ташкилотлари, монополист ташкилотлар, устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган ташкилотларга ишга жойлаштирилганларга татбиқ қилинмайди.

Мазкур киритилаётган меъёр иш берувчиларнинг олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштиришдан манфаатдорлигини ошириш ҳамда имтиёзни қўллаш натижасида бўшайдиган маблағларнинг бир қисмини битирувчиларнинг касбий малакасини ошириш бўйича тадбирларга йўналтириш имконини беради.

Шу билан бирга, битирувчилар бандлигининг доимий мониторингини таъминлаш мақсадида касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг ўқувчиларига солиқ тўловчининг индивидуал рақамини мажбурий тарзда бериш кўзда тутилган. Бу ўз навбатида ижтимоий суғурта бўйича амалга оширилган тўловлар асосида банд бўлмаган битирувчиларни аниқлаш ва уларни иш билан таъминлаш борасидаги муаммоларни тезкор ҳал этиш имконини беради.

Шунингдек, аҳолини ишга жойлаштириш соҳасига илғор жаҳон тажрибасига мос замонавий технологияларни жалб этишни кенгайтириш мақсадида, Фармонда 2019 йилдан бошлаб ходимларнинг меҳнат фаолияти даври, махсус стажи ва давлат ижтимоий суғуртасига тўлаган тўловлар миқдори бўйича ишончли маълумотни ҳамда ходимнинг касбий ўсишига доир бошқа маълумотларни ўз ичига олган «электрон меҳнат дафтари» тизимини босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган.

Қабул қилинган Фармонда меҳнат бозорини янада ривожлантириш, меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш ва бандликни рағбатлантириш бўйича бир қатор чоралар кўзда тутилган. Хусусан:

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб нодавлат ташкилотларга фуқароларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишга жойлаштириш соҳасида белгиланган тартибда пуллик хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини бериш, агар бундай хизматлар фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш билан боғлиқ бўлса, ушбу фаолият тури бўйича белгиланган тартибда бериладиган лицензия асосида хизмат кўрсатишга рухсат бериш;

микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларига ходимларнинг розилиги асосида муайян муддатли меҳнат шартномалари (муддатли меҳнат шартномалари), жумладан, вақтинчалик бир марталик ишларни бажариш бўйича шартномаларни тузишга рухсат бериш, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган даврдан бошлаб уч йил ичида биринчи марта ишга кираётган битирувчилар билан тузиладиган меҳнат шартномалари бундан мустасно;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида иш ташкил қилишнинг илғор шаклларини жорий этиш, бунда барча давлат хизматларини тўлиқ ҳажмда функционал таҳлил қилиш ва қайта кўриб чиқиш (реинжиниринг қилиш), ишга танлов асосида қабул қилиш, «ягона дарча» тамойилида давлат хизматлари кўрсатиш, меҳнат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг замонавий рағбатлантирувчи услубларини қўллаган ҳолда, самарадорликнинг асосий кўрсаткичлари (KPI) асосида ходимлар меҳнатининг сифати ва самарадорлигини баҳолашни назарда тутиш.

Қабул қилинган Фармоннинг муҳим янгиликларидан бири шундан иборатки, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилмоқда. Мазкур жамғарманинг асосий вазифалари этиб, вақтинча банд бўлмаган аҳолини йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда, йўл ва уй-жой коммунал инфратузилмасини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилишда, шаҳар ва туманларни ободонлаштиришда, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида иштирокларини молиялаштириш белгиланган.

Республика банк тизимининг аҳоли бандлиги соҳасидаги ролини кескин оширишни таъминлайдиган 2017 — 2020 йилларда фаолиятини энди бошлаётган тадбиркорлар учун кўрсатилаётган микромолиялаш хизматлари ҳажми ва кўламини кенгайтириш ҳамда улардан фойдаланишда қулайликлар яратиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш кўзда тутилган. Хусусан, аҳолига микрокредитлар ажратиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида «Микрокредитбанк» АТБнинг капитал қўйилмалари ҳажмини ошириш кўзда тутилган, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири лавозимига кўра «Микрокредитбанк» АТБ кузатув кенгашининг раиси ҳисобланиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида қайд этилган Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида» қарори қабул қилинди.

Қабул қилинган ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш бўйича тузилмавий бўлинмаларнинг ваколати, функциялари ва жавобгарлигини аниқ тақсимлаб берадиган бошқарувнинг замонавий вертикал-яхлит тизимини шакллантиришни кўзда тутувчи вазирликнинг янги такомиллашган ташкилий тузилмаси, вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалар, туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказларининг тузилмалари тасдиқланди.

Фуқароларни ишга жойлаштиришда сифатли ва қулай хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу қарори билан қуйидагилар кўзда тутилган:

меҳнат органлари томонидан «ягона дарча» тамойилида давлат хизматлари кўрсатишнинг принципиал янги тизимини жорий этиш, бунда ишга жойлаштириш ва бандликни таъминлаш бўйича комплекс хизматларни аҳоли учун қулай бўлган жойларда, шу жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида кўрсатиш ва бунда интернет имкониятларидан кенг фойдаланиш;

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг фуқароларни ташкиллашган ҳолда хорижда ишга жойлаштиришни таъминловчи филиаллари тармоғини кенгайтириш масаласини кўриб чиқиш.

Қарорга мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳар ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг очиқ маълумотлари порталида, вазирликнинг расмий сайтида ва марказий оммавий ахборот воситаларида меҳнат бозоридаги вазият ва бандлик ҳолати тўғрисида маълумотларни, шу жумладан, иш қидириб меҳнат органларига мурожаат қилган ҳамда ишсизлик бўйича нафақа олаётган фуқаролар сони, яратилган иш жойлари, рўйхатга олинган бўш иш ўринлари ва аҳоли, иш берувчилар ва инвесторлар учун аҳамиятга эга бўлган бошқа маълумотларни чоп этиб боради.

Қарор билан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасини молиялаштириш манбалари ва уларни сарфлашнинг асосий йўналишлари белгиланди. Улар жумласига ишсизларни, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш ва уларни моддий қўллаб-қувватлаш бўйича қонунчилик билан ўрнатилган кафолатларни амалга ошириш, банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва ижтимоий ҳимоялашга доир сифатли хизматлар кўрсатиш, меҳнат органларининг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш бўйича харажатларни молиялаштириш киради.

Алоҳида қайд этиш лозимки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига, республикамизнинг меҳнат ресурслари кўп бўлган туман ва шаҳарларини аниқлаган ҳолда, иш ўринлари ташкил этиш бўйича давлат буюртмаларини ишлаб чиқиш юклатилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари инвестиция лойиҳалари бўйича манзилли рўйхатларни шакллантириш ва тасдиқлашда ушбу меҳнат ресурслари кўп бўлган туман ва шаҳарларда янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратишлари лозим.

Шу муносабат билан, қарор билан меҳнат ресурслари кўп бўлган туманларда банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини амалга оширадиган таянч коллежларининг рўйхати тасдиқланган. Ушбу коллежлар банд бўлмаган аҳолини ўзларининг асосий таълим беришдан бўш вақтларида, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш талабларидан келиб чиққан ҳолда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассислик ва йўналишлар бўйича ўқитади.

Оммавий ахборот воситаларида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида қарорда «Mahalla» телерадиоканали фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири сифатида аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларни хусусий тадбиркорликка ва оилавий бизнесга жалб этиш, шахсий томорқа ва деҳқон хўжаликларидан оқилона фойдаланиш, меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнат муҳофазаси ҳимояси масалаларини кенг ва холисона ёритиш белгиланган.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари бўйича тушунтириш ишларини телевидение ва радио орқали фаол олиб бориш юзасидан аниқ ва таъсирли чораларни амалга ошириш, шу жумладан, эфир вақтининг «прайм тайм» давридан кенг фойдаланиш бўйича топшириқ берилди.

Қайд этиш лозимки, қарор билан меҳнат органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Мазкур чора-тадбирларда бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳасида меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, бандлик дастурларини ишлаб чиқишга замонавий ёндашувларни ҳамда касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштириш механизмларини, янги интерактив хизматларни жорий этиш ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва бошқа чоралар кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган Фармон ва қарорнинг амалга оширилиши натижасида:

биринчидан, меҳнат органларининг замонавий талабларга жавоб берадиган, қўйилган устувор вазифаларни изчил ва самарали бажарилишини таъминлайдиган ташкилий тузилмаси яратилади, айниқса, меҳнат бозори инфратузилмасини ривожлантириш, иш ўринлари ташкил этиш бўйича давлат буюртмаларини шакллантириш, биринчи марта меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларни ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини ишга жойлаштириш каби муҳим йўналишларда иш фаолиятини кучайтиради;

иккинчидан, меҳнат органлари томонидан кўрсатилаётган барча давлат хизматларини тўлиқ ҳажмда функционал таҳлил қилиш ва қайта кўриб чиқиш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг замонавий рағбатлантирувчи услублари ва самарадорликнинг асосий кўрсаткичлари (KPI)ни жорий этган ҳолда, иш ташкил этишнинг прогрессив шаклларини татбиқ этиш орқали бандлик соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини тубдан ошириш;

учинчидан, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан меҳнат бозорини изчил ва барқарор ривожлантириш, аҳоли бандлиги даражасини ошириш ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни молиявий таъминланишини кучайтириш;

тўртинчидан, кам таъминланган оила аъзолари ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларига, микрокредитлар бериш ва қайта ўқитиш хизматларини тақдим этиш орқали якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорликка жалб этиш, шахсий томорқа хўжаликларини ривожлантириш йўли билан оилаларни кам таъминланганликдан чиқариш бўйича индивидуал дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича зарур шароитлар яратиш имконини беради.


Ҳужжатда хато топганингизда, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

© Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази давлат муассасаси