Тизимнинг ушбу имкониятидан фойдаланиш учун Сиз авторизация қилинишингиз керак!
Рўйхатдан ўтишни хоҳлайсизми? Ёки тизимга ўз логинингиз билан кирасизми?

Авторизация қилиш Рўйхатдан ўтиш

Ҳужжат кучини йўқотган 22.02.2021
Ҳужжат 22.02.2021 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
 LexUZ шарҳи
1. Қишлоқда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ишлаб чиқариш инфраструктурасини устувор ривожлантириш амалга оширилади. Бунда асосий эътибор мелиорация, гидротехника, электр энергияси иншоотлари ва тармоқларини ривожлантиришга, ерларни суғоришга, эрозияга қарши тадбирларни амалга оширишга, кўп йиллик кўчатлар экиш, саноатнинг қайта ишловчи корхоналарини қуриш ва техника билан қайта ускуналашга қаратилади. Қишлоқ жойларда кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун зарур бўлган муҳандислик ва ишлаб чиқариш инфраструктураси объектлари, водопроводлар, канализация тизими ва иншоотлари, газ ва электр таъминоти тармоқлари, йўллар, телекоммуникация тизимлари устувор кўрилади. Қишлоқда ишлаб чиқариш инфраструктурасини шакллантириш давлат дастури ва маҳаллий дастурларга мувофиқ амалга оширилади.
Хусусий тадбиркорликни ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш фонди (Бизнес-фонд)нинг хусусий тадбиркорларга ва кичик бизнесга кредитлар бериш, шу жумладан имтиёзли кредитлар бериш асосида инвестиция лойиҳаларини маблағ билан таъминлашни, уларнинг устав сармояларида иштирок этишни, маслаҳат ва ахборот хизматлари шаклида техник ёрдам кўрсатишни амалга оширувчи ҳудудий тармоқлари ривожланади. Хусусий тадбиркорликни ва кичик бизнесни суғурта йўли билан ҳимоя қилиш бўйича ҳудудий агентликлар ташкил этилади. Бу агентликлар тадбиркорлик таваккалчиликларини имтиёзли шартларда суғурта йўли билан ҳимоя қилган, тўланмаган қарзлар учун қарздорларнинг жавобгарлигини суғурта қилган, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантиришга йўналтирилаётган чет эл инвестициялари суғурта йўли билан ҳимоя қилинишини таъминлаган ҳолда кичик ва хусусий корхоналарнинг кредитлар, шу жумладан имтиёзли кредитлар олишлари учун инвестиция лойиҳаларини баҳолайдилар ва экспертизадан ўтказадилар. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи бошқа фондлар, суғурта муассасалари ташкил этилади.
1. Тадбиркорлик муҳитини яратишнинг устувор йўналиши қишлоқ жойларда билим ва меҳнатни кўп талаб қиладиган хизмат соҳасини жадал ривожлантиришни, интенсив деҳқончиликка ўтишни, қишлоқ ижтимоий-ишлаб чиқариш инфраструктурасини ривожлантиришни, қишлоқ жойларда экология талаблари таъминланишини, шунингдек аҳолининг зарур ҳаракатчанлигини таъминловчи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини яратиш ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, халқ истеъмол товарлари, ишлаб чиқариш-техник мақсадлардаги маҳсулотлар, қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган, шунингдек қурилиш фаолиятини амалга ошираётган, тузатиш, тузатиш-қурилиш, маиший ва коммунал хизматлар кўрсатаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни шакллантириш ҳамда ривожлантириш жараёнларини давлат томонидан тартибга солиш таъсир этишнинг иқтисодий чора-тадбирлари асосида амалга оширилади. Бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ишлаб чиқаришнинг оқилона жамланиши, ихтисослашуви ва жойлашиши қарор топиши, ишлаб чиқариш кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик эҳтиёжларидан келиб чиқиб қайта йўналтирилиши муносабати билан инвестициялар тузилмаси ўзгариши таъминланади.
Давлат органлари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун ишлаб чиқаришни жойлаштириш ҳамда ихтисослаштирилган асбоб-ускуналар ва бошқа маҳсулот турларини етказиб беришга оид тадбирларни амалга оширадилар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини сотиш бўйича ихтисослаштирилган улгуржи бозорлар, ярмаркаларни уюштириш ва улар фаолиятларини ташкил қилишда, шу жумладан бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, ишлаб чиқариш ва ёрдамчи биноларни, давлат мулки бўлган бошқа мол-мулкни бериш йўли билан кўмаклашадилар. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ишлаб чиқариш-технология жиҳатдан қўллаб-қувватлаш имтиёзли шартларда амалга оширилиши мумкин. Бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига нисбатан ишлаб чиқариш-технологик қўллаб-қувватлашни амалга ошираётган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзлардан фойдаланадилар.
Қишлоқ жойларда рақобатга бардошли маҳсулотларни ишлаб чиқаришни, экспорт ҳажмини кўпайтиришни, ишлаб чиқариш чиқимларини камайтиришни, ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланишни яхшилашни, қишлоқда қўшимча иш ўринлари ташкил этишни таъминлайдиган ишлаб чиқаришларни ташкил этиш лойиҳаларига биринчи навбатда ёрдам берилади. Иқтисодиётнинг устувор соҳаларида ва энг аввало қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳамда қайта ишлаш, озиқ-овқат, саноат товарлари, халқ истеъмол товарлари, дори-дармонлар ва тиббиёт асбоб-ускуналарини ишлаб чиқариш, коммунал ва маиший хизматлар кўрсатиш, турар жой, ишлаб чиқариш ва ижтимоий мақсадлардаги объектларни қуриш, инновация фаолияти ва илм-фанни кўп талаб қиладиган ишлаб чиқаришларни ташкил этиш соҳасида кичик бизнес ва хусусий корхоналарга имтиёзлар ва афзалликлар берилади. Қишлоқ хўжалиги хом ашёси ва маҳаллий хом ашёни қайта ишлаш учун замонавий технологик асбоб-ускуналар тўпламларини етказиб бериш ташкил этилади, кооперациялашган сервис хизмати тизими ташкил этилади. Мини заводлар ва мини технологияларни тайёрловчи ишлаб чиқаришлар ташкил этилади.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш учун фойдаланилмаётган бинолар белгиланган тартибда ижарага берилади, тугалланмаган қурилишнинг ишлаб чиқариш объектлари ва фойдаланилмаётган асбоб-ускуналари кимошди савдолари ва танловлар орқали сотилади. Қишлоқдаги давлат мулки объектларини маҳаллий аҳолига тегишли бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига устувор бериш мақсадида давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш чоғида давлат мулкини сотиш бўйича ёпиқ танловлар ўтказилади. Тўхтатиб қўйилган ва фойдаланилаётган асосий фондларни ва ишлаб чиқариш қувватларини, шунингдек ижтимоий инфраструктура объектларини кичик ва хусусий тадбиркорларга сотиш ташкил этилади.
4. Ижтимоий ҳимоя қилиш тизимидан ижтимоий кафолатлар ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларини аниқ фарқлашни назарда тутувчи принципиал янги тизимга ўтиш мақсадида амалдаги қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилади. Бунда даражалар (корхона, ҳудуд, республика) бўйича табақалаштирилган ижтимоий кафолатлар барча фуқароларга, шу жумладан кичик ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқароларга зарур минимумда берилиши белгиланади. Ижтимоий кафолатлар таркиби, тузилмаси ва миқдорлари Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгиланади. Даражалар бўйича табақалаштирилган ижтимоий қўллаб-қувватлаш, биринчидан, муайян муддатга берилади, иккинчидан, тегишли бюджетнинг аҳволи билан тўлиқ боғлик бўлади, учинчидан, иқтисодий ислоҳотнинг у ёки бу босқичида шаклланган шарт-шароитларга боғлиқ бўлади. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш қонун ҳужжатлари билан ҳам, давлат ҳокимияти ва бошқаруви маҳаллий органларининг, корхоналарнинг эгалари ва раҳбарларининг қарорлари билан ҳам амалга оширилиши мумкин.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан «Корхоналар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган ижтимоий кафолатлар ижро этилиши устидан самарали назорат таъминланади. Мажбурий тиббий суғурта масалаларига алоҳида эътибор берилади. «Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда ва Олий Мажлисга киритилади. Мажбурий тиббий суғуртадан тушадиган маблағларни ҳисобга олган ҳолда давлат бюджетида соқликни сақлашга харажатлар тузилмаси қайта кўриб чиқилмоқда ва тегишлича, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига солиқ солиш даражасини пасайтириш имконияти кўриб чиқилади.
Қишлоқда аҳолининг иш билан таъминланиши муаммосига алоҳида эътибор берилади. «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида» янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда ва кўриб чиқиш учун Олий Мажлисга киритилади. Ушбу қонунда ишлаб чиқаришнинг қайта тузилиши натижасида бўшаб қолган ходимларга ижтимоий кафолатлар берилишини таъминлаш, аҳолининг иш билан таъминланганлиги ҳолатига боғлиқ равишда муайян ҳудудларда қисқартирилган иш вақти жорий этиш имконияти, янги иш жойлари ташкил этиш бўйича иш берувчиларнинг чиқимларини қисман Хусусий тадбиркорликни ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш фонди томонидан компенсация қилиш ва бўшатилиши керак бўлган шахсларни қайта ўқитиш бўйича ўқув тузилмалари ташкил этиш назарда тутилади.
Барча олий ва ўрта ўқув юртларида бажарилиши мажбурий бўлган қишлоқ ёшларини ўқишга қабул қилиш бўйича квота белгиланади. Квоталаш тартиби ва шартлари, кадрлар тайёрлаш ва битирувчилардан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тизимида фойдаланиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Давлат ўқув юртларида тадбиркорлик тузилмалари учун мутахассислар ва кичик кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш республика ва маҳаллий бюджетлар ҳисобидан, шунингдек ўқув юртлари билан корхоналар ўртасида тузиладиган контракт асосида амалга оширилади. Мутахассислар ва ишчилар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мажбурий ҳисобланади ҳамда давлат органлари томонидан кўрсатилган муддатларда вақти-вақти билан амалга оширилади. Ходимларни қaйтa тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш шартномалари бажарилмаган тақдирда кичик ва хусусий корхоналар моддий харажатларни Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда тегишли бюджетга тўлайдилар.
6. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт-импорт операцияларида қатнашишини кенгайтириш, шунингдек ушбу субъектларнинг ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишда, халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этиши бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка хорижий сармоя инвестиция лойиҳалари, чет элда реклама ташкил этиш асосида жалб этилади. Чет эл инвестициялари очиқ тендер асосида давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнида ҳамда махсус инвестиция савдолари орқали, шунингдек бошқа усуллар ва механизмлар воситасида жалб этилади. Чет эл инвесторлари жалб қилинган ҳолда техникавий ёрдам дастурлари доирасида пилот лойиҳалари амалга оширилади, янги илмий-техника инфраструктураси фанга ва фирмалар, компаниялар, марказларнинг илмий ишлаб чиқаришига хизмат кўрсатувчи ёрдамчи, функционал, илмий-ишлаб чиқариш инфраструктураси ташкил этилади. Тарифли божхона бошқаруви такомиллаштирилади.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, водопроводлар, канализация тизимлари ва иншоотлари, газ ва электр таъминоти тармоқлари, йўллар қурилиши, ҳудудларни ободонлаштириш, шунингдек ижтимоий инфраструктурани таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт объектларини, меҳнат кучлари ортиқча бўлган қишлоқларда эса уй-жой қуриш учун зарур бўлган қишлоқ, жойларда муҳандислик ва ишлаб чиқариш инфраструктураси объектлари қурилишини маблағ билан таъминлаш ушбу объектларни ривожлантиришнинг тегишли давлат дастурлари доирасида устун даражада тегишли бюджетлар ва бюджетдан ташқари фондлар ҳисобидан, шунингдек давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан олинадиган маблағларнинг 20 фоизини ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга йўналтириш ҳисобидан амалга оширилади. Мақсадли давлат марказлаштирилган сармоя қўйилмаларини қишлоқда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик инфраструктурасини ривожлантиришга тақсимлаш давлат ҳокимияти ва бошқаруви маҳаллий органларига юкланади.

Ҳужжатда хато топганингизда, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

© Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази давлат муассасаси