Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан «Корхоналар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган ижтимоий кафолатлар ижро этилиши устидан самарали назорат таъминланади. Мажбурий тиббий суғурта масалаларига алоҳида эътибор берилади. «Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда ва Олий Мажлисга киритилади. Мажбурий тиббий суғуртадан тушадиган маблағларни ҳисобга олган ҳолда давлат бюджетида соқликни сақлашга харажатлар тузилмаси қайта кўриб чиқилмоқда ва тегишлича, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига солиқ солиш даражасини пасайтириш имконияти кўриб чиқилади.
Қишлоқда аҳолининг иш билан таъминланиши муаммосига алоҳида эътибор берилади. «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида» янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда ва кўриб чиқиш учун Олий Мажлисга киритилади. Ушбу қонунда ишлаб чиқаришнинг қайта тузилиши натижасида бўшаб қолган ходимларга ижтимоий кафолатлар берилишини таъминлаш, аҳолининг иш билан таъминланганлиги ҳолатига боғлиқ равишда муайян ҳудудларда қисқартирилган иш вақти жорий этиш имконияти, янги иш жойлари ташкил этиш бўйича иш берувчиларнинг чиқимларини қисман Хусусий тадбиркорликни ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш фонди томонидан компенсация қилиш ва бўшатилиши керак бўлган шахсларни қайта ўқитиш бўйича ўқув тузилмалари ташкил этиш назарда тутилади.