“АДОЛАТ” МИЛЛИЙ ҲУҚУҚИЙ АХБОРОТ МАРКАЗИ

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази (кейинги ўринларда Марказ) – аҳоли ва ижрочиларга жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган ҳуқуқий ахборотларни ҳамда тарғибот материалларини тайёрлаш ва тезкор тарқатиш, шунингдек, Қонунчилик маълумотлари миллий базаси (кейинги ўринларда Миллий база)ни юритиш, Миллий базада норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий нашр этилишини таъминлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва тегишли ахборот-таҳлилий материалларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган Рўйхат бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларига электрон шаклда етказиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Миллий базадан белгиланган тартибда фойдаланишини таъминлаш, Миллий базани такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш соҳасида республиканинг етакчи давлат муассасаси ҳисобланади.

Марказ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5415-сонли Фармони, 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3666-сонли қарори асосида Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази ва ихтисослаштирилган “Адолат” нашриёти негизида “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази давлат унитар корхонаси сифатида ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 741-сонли қарори билан давлат муассасаси шаклида қайта ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5997-сон Фармонига асосан Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази давлат муассасаси, “Инсон ва қонун” газетаси таҳририяти давлат унитар корхонаси ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” ижтимоий-ҳуқуқий журнали таҳририятини бирлаштириш йўли билан уларнинг негизида Вазирлик қошида давлат муассасаси шаклидаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази этиб ташкил этилган.

Марказ “Инсон ва қонун” газетаси таҳририяти ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” ижтимоий-ҳуқуқий журнали таҳририятининг муассиси ҳисобланади.

“Инсон ва қонун” газетаси таҳририяти ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” ижтимоий-ҳуқуқий журнали таҳририяти Марказнинг мустақил юридик шахс мақомига эга бўлмаган таркибий бўлинмалари ҳисобланади ва ўз касб фаолиятида мустақилдир.

Вазифаларимиз:

  • Ўзбекистон Республикаси Миллий базани шакллантириш ва юритиш, ундан жисмоний ва юридик шахсларнинг белгиланган тартибда фойдаланишини таъминлаш, шунингдек ушбу миллий базада норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий нашр этилишини, уларнинг туркумлаштирилган ҳисобини ва назорат нусхаларини электрон шаклда юритилишини таъминлаш;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва тегишли ахборот-таҳлилий материалларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган Рўйхат бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларига электрон шаклда етказилишини таъминлаш;
  • аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича манзилли ва предметли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга ошириш, шунингдек давлат органлари ва ташкилотлар билан биргаликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг норма ва қоидаларини аҳолига тушунтириш бўйича намунавий ҳужжатлар тўпламини тайёрлаш;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳиятини ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини кенг ёритиш бўйича ахборот-таҳлилий медиа материалларни, шу жумладан, аудио- ва видеороликлар, ижтимоий рекламалар, воқеа жойидан репортажларни тайёрлаш ва тарқатиш, шунингдек, босма ва электрон даврий ижтимоий-ҳуқуқий нашрларни тайёрлаш ва чоп этиш;
  • расмий нашрлар — «Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тўплами», «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалар тўплами»нинг, даврий нашрлар — «Инсон ва қонун» газетаси, «Ҳуқуқ ва бурч» ижтимоий-ҳуқуқий журналининг ҳамда бошқа нашрлар — юридик адабиётлар, жумладан юридик дарсликлар, шарҳлар ва турли қўлланмаларни белгиланган тартибда чоп этилишини таъминлаш;
  • фаолият тури бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш, сотиш ҳамда хизматлар кўрсатиш;
  • давлат органлари ва ташкилотларнинг буюртмасига кўра шартнома асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳамда бошқа ҳуқуқий ва бошқарув ҳужжатлари намуналарини тайёрлаш, шунингдек ижтимоий-ҳуқуқий ахборотларни кенг ёритишга қаратилган медиа материалларни тайёрлаш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатиш;
  • халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

Марказда 10 та бўлим ва 1 та бирлашган таҳририят фаолият олиб бормоқда:

  • Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни киритиш ва назорат ҳолатига келтириш бўлими;
  • Юридик ишлов берилган ва назорат ҳолатига келтирилган ҳужжатларни текшириш бўлими;
  • Расмий нашрларни ва юридик адабиётларни тайёрлаш ва таҳрир қилиш бўлими;
  • Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва ҳуқуқий ҳужжатлар намуналарини тайёрлаш бўлими;
  • Ҳуқуқий тарғибот ишларини амалга ошириш бўлими;
  • Медиа материалларини тайёрлаш бўлими;
  • Маркетинг, реклама ва обуна бўлими;
  • Веб-ресурслар билан ишлаш бўлими;
  • Молия-иқтисод бўлими;
  • Дастурий ва техник таъминот бўлими;
  • “Инсон ва қонун” газетаси ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” ижтимоий-ҳуқуқий журнали бирлашган таҳририяти.

Қонунчилик ҳужжатларини қаердан излаймиз?

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz) мамлакатимизда қабул қилинган барча қонунчилик ҳужжатларини эълон қиладиган ягона расмий электрон манба ҳисобланади. Сиз бу ерда мавжуд бўлган барча ҳужжатлардан ҳеч қандай монеликсиз, бепул фойдаланишингиз, исталган ахборотни олишингиз мумкин.

Китобларимизни қаердан сотиб олишингиз мумкин?

“Адолат” маркази белгиси остида чоп этилаётган китобларни Тошкент шаҳри, Бобур кўчасида жойлашган Марказимизга қарашли “Юридик адабиётлар” китоб дўконидан, интернет дўконидан (adolatmarkazi.uz), шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бошқа китоб дўконларидан харид қилишингиз мумкин. Аҳолининг ҳуқуқий билимларини оширишга бўлган ҳаётий эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда, Марказ ходимлари йил давомида бутун республика бўйлаб сайёр китоб савдоларини ташкил этиб туради.

Мақсадимиз:

- қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларини ўз вақтида эълон қилиш, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларининг расмий нашр этилишини, уларнинг туркумлаштирилган ҳисобини ва назорат нусхаларини электрон шаклда юритилишини таъминлаб кенг жамоатчилик эътиборига етказиш;

- аҳоли ва ижрочиларга жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган ҳуқуқий ахборотларни ҳамда тарғибот материалларини тайёрлаш ва тезкор тарқатиш; 

- норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва тегишли ахборот-таҳлилий материалларни Ҳукумат томонидан белгиланган рўйхат бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларига электрон шаклда етказиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Миллий базадан фойдаланишини таъминлаш, бу соҳада таклифлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

- аҳолининг турли қатламлари, ўқувчи ёшлар, кичик ёшдаги китобхонлар, имконияти чекланган шахслар, талабалар, турли соҳаларда фаолият юритаётган ходимлар, давлат хизматчилари учун ҳуқуқий ахборот тақдим этиш;

- глобаллашув жараёнида ёшларимизнинг турли ёт ғоя ва маданиятлар таъсирига тушиб қолишидан ҳимоялаш, одамларнинг одам савдоси, гиёҳвандлик ва бошқа турли иллатлар домига тушиб қолишининг олдини олишда зарур ҳуқуқий адабиётлар билан таъминлаш;

- тезкор, шиддатли давр ислоҳотлари талаблари асосида янги қабул қилинаётган қонунлар, фармон, қарорлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар мазмуни ва улардаги ўзгаришлар билан юртдошларимизни мунтазам хабардор этиб бориш.


Манзил: Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Амир Темур шоҳкўчаси, 19-уй.

Телефон: (71) 233-26-56.

Электрон почта: info@adolatmarkazi.uz, info@lex.uz

E-xat: adolat_xam@exat.uz

Бизни кузатинг:

Сайт: www.adolatmarkazi.uz

Телеграм: https://t.me/lexuzofficial

Facebook: www.facebook.com/adolatmarkazi

Instagram: https://www.instagram.com/adolatmarkazi