Сайт синов тариқасида ишга туширилган Аввалги кўринишига ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси фойдаланувчилари учун қўлланма

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси ахборот тизими (бундан буён матнда «LexUZ» ҚММБ АИТ ёки LexUZ тизими деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралдаги ПҚ-2761-сонли “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан фаолият юритувчи ҳуқуқий ахборот излаш тизими бўлиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни осон ҳамда қулай шаклда излаш ва улар билан танишиш имконини беради. 

Қўлланмани юклаб олиш


Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси Lex.uz ҳақида


Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси Lex.uz (кейинги ўринларда Lex.uz) ҳуқуқ ва ҳуқуқий ахборотлаштириш соҳасида давлатнинг асосий ҳуқуқий ахборот ресурси бўлиб, Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган барча қонун ҳужжатларини эълон қиладиган ягона расмий электрон манбадир.

Lex.uz дан фойдаланишни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий нашр этилишини, уларнинг туркумлаштирилган ҳисобини ва назорат нусхаларини электрон шаклда юритилишини таъминлаш «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот марказининг асосий вазифалари бири ҳисобланади.

Мазкур ахборот ресурси аҳолининг кенг қатлами фойдаланиши учун очиқ бўлиб, қўшимча рўйхатдан ўтишни талаб қилмайди.

Lex.uz Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 августдаги 304-сон «Қонун ҳужжатларини туркумлашни такомиллаштириш ва ҳуқуқий ахборотларни тарқатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида жорий қилинган ва 2007 йилда 1 майдан расмий ишга туширилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 31 декабрдаги 340-сонли «Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан кенг фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, юридик ва жисмоний шахсларнинг қонунчилик ҳужжатлар матнларидан кенг фойдаланишини таъминлаш, шунингдек ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳуқуқий ахборотларни аҳоли эътиборига етказиш учун қушимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2010 йил 1 январдан бошлаб барча фойдаланувчиларнинг Lex.uz дан текин фойдаланиши жорий этилган.

Ҳозирги кунда Lex.uz Интернет тармоғи орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бепул кенг кўламда фойдаланиш имконини берувчи мамлакатимиздаги ягона ахборот-ҳуқуқий тизим бўлиб ҳисобланади.

«Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги Қонунинг 17-моддасига асосан Lex.uz га 2017 йил 25 сентябридан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба мақоми берилди.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 39-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалардан биридир.

Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги маълумотлари миллий базаси Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари эълон қилинадиган расмий манбаси ҳисобланади.

Lex.uz бошқа манбалардан бир қатор афзалликларга эга:

  • биринчидан, ҳужжатлар Lex.uz да нафақат эълон қилинади, балки электрон шаклда киритилиб, уларга ишлов берилади ва фойдаланувчилар учун қулайликлар яратилади, бунда фойдаланувчилар ундан электрон ресурс сифатида фойдаланиш, нусха кўчириш, ҳужжатлар ичида берилган ҳаволалар орқали бошқа ҳужжатларга тезкор ва осон ўтиш имкониятига эга бўлади. Булардан ташқари кўплаб техник амалий имкониятлар мавжуд;
  • иккинчидан, қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар тезкор янгилаб борилади, бунда ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга асос бўлган ҳужжатларга ҳаволаларнинг берилиш фойдаланувчилар учун олдинги ва кейинги таҳрирларини кўриш ва таққослаш имконини беради;
  • учинчидан, базада ҳаволалар ёки муайян бўшлиқлар мавжудлигини кўрсатиб берган ҳаволаки нормаларга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар қўшимча ахборот сифатида кўрсатилади, яъни уларга ҳавола берилади ва фойдаланувчи бир пайтнинг ўзида ҳам қонун, ҳам қонуности ҳужжати билан танишади;
  • тўртинчидан, базада ҳужжатларни турли хил категориялар асосида, шу жумладан қонунчилик тармоқларига кўра қидириш тизимининг мавжудлиги фойдаланувчилар учун керакли ҳужжатларни топишни осонлаштиради.

Бугунги кунда Lex.uz да ўзбек, рус ва лотин алифбосидаги қонунчилик ҳужжатлари, суд ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари матнларидан ташқари судга оид ҳужжатлар, шартномалар, келишув, битимлар, ишончномалар, корпоратив ҳужжатлар, шахсий таркибга оид ҳужжатлар, ариза, илтимосномалар намуналари, нотариал тасдиқланадиган ҳужжатлар ҳам ўрин олган.

Шунингдек, Lex.uz да «Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тўплами», «Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами» каби расмий нашрларнинг электрон шакли ҳам жойлаштирилиб, фойдаланувчининг ушбу нашрлар билан танишиш имконияти мавжуд.

Бундан ташқари, базада фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи, шунингдек, чет эл инвесторлари учун муҳим аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг инглиз тилига таржималари мавжуд бўлиб, уларнинг кўлами кенгайтирилмоқда.